Дэвис кубоги: Ўзбекистон терма жамоасининг таркиби аниқ бўлди

Фото: Фото: UzA

TASHKENT. Kazinform — Теннис бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси жорий йилнинг 7-8 февраль кунлари Нигериянинг Лагос оролида жойлашган “Lagos Lawn Tennis Club” мажмуасида Дэвис кубоги доирасида мезбонлар билан куч синашади, деб хабар беради UzA.

Мусобақанинг II Жаҳон гуруҳи доирасида ўтказиладиган ушбу баҳсда Нигерия ва Ўзбекистон терма жамоалари навбатдаги босқич йўлланмаси учун ўзаро рақобат олиб боради. Мазкур учрашувда иштирок этадиган ҳар икки жамоанинг таркиби аниқ бўлди.

Ушбу баҳсда Ўзбекистон терма жамоаси сафида Ҳумоюн Султонов, Илья Игнатов, Абдулазиз Усмонжонов ва Суҳроб Саидов кортга чиқади. Нигерия терма жамоаси эса Даниэль Аделейе, Абуа Канисе, Майкл Эммануэль, Опараожи Ученна ҳамда Юсуф Абубакар каби теннисчилар билан майдонга тушади.

Айни пайтда Ўзбекистон терма жамоаси Дэвис кубоги рейтингида 49-ўринни эгаллаб турган бўлса, Нигерия терма жамоаси 74-поғонадан жой олган.

Эслатиб ўтамиз, Астанада Дэвис кубоги саралаш ўйинлари ўтказилади.