Бугун Испания чемпиони «Реал Мадрид» жамоаси ўз уйида Англиянинг амалдаги чемпиони «Манчестер Сити»ни қабул қилди.
Ярим финалнинг Манчестерда бўлиб ўтган биринчи учрашувида Пеп Гвардиола шогирдлари 4:3 ҳисобида ғалаба қозонганди. Шу боис, бугунги учрашувда дуранг натижа ҳам уларни финалга олиб чиқарди. Аммо 2-тайм охирларида Риёд Маҳрез ҳисоб очиб, тафовутни 2 голга оширди.
Мадридликлар қийин аҳволда қолишига қарамай, ҳужум уюштиришда давом этди ва 90-чи дақиқада Родриго кетма-кет икки марта рақиб дарвозасини ишғол қилди. Ушбу учрашувдаги 2:1 ҳисоби матчдаги умумий натижани тенглаштирди – 5:5.
Овертаймда меҳмонлар дарвозасига белгиланган пенальтини Карим Бензема муваффақиятли амалга ошириб, жамоасини олдинга олиб чиқди. Ушбу ҳисоб ўйин охиригача ўзгармади ва «Реал Мадрид» умумякунда 6:5 ҳисобидаги ғалабаси билан финалга йўл олди.
Испания чемпионларини финалда «Ливерпуль» кутиб турганини аввалроқ хабар қилгандик.
Финал учрашуви 28 май, шанба оқшомида Париждаги «Стад-де-Франс» стадионида бўлиб ўтади.