Минас-Жерайс штатининг ёнғин-қутқарув хизмати Жуис-де-Фора ва Уба шаҳарларида қурбонлар сонининг кўпайганини хабар қилди. Қидирув ишлари узлуксиз олиб борилмоқда.
Ҳукумат минтақада кучли ёмғир ёғиши давом этаётгани ҳақида огоҳлантирди, ҳушёрликни сақлаш ва аҳолини хавфли ҳудудлардан қочишга чақирди.
Штат губернатори Ромеу Зема минтақа қийин даврни бошдан кечираётганини айтди.
Унинг сўзларига кўра, бир неча соат ичида бир ойлик ёмғир ёғди. Минглаб одамлар электр энергиясиз ва сувсиз қолди. Эвакуация қилинган аҳоли вақтинчалик жойлаштириш марказларига айлантирилган мактабларга етказилган. Илк гуманитар ёрдам юк машиналари жўнатилди.
Бразилия президенти Луис Инасиу Лула да Силва ҳукумат Минас-Жерайсда жабр кўрганларга ёрдам кўрсатиш учун сафарбар этилганини маълум қилди ҳамда ҳалок бўлганларнинг оилаларига ҳамдардлик билдирди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бразилияда сел ва лой кўчкиси оқибатида 22 киши ҳалок бўлгани ҳақида ёзган эдик.