Учрашув давомида ИҲТга аъзо давлатлар делегациялари раҳбарлари халқаро ва минтақавий кун тартибидаги долзарб масалаларни муҳокама қилишди, ислом дунёсидаги вазиятга, ҳарбий-сиёсий ва гуманитар инқирозларни, жумладан, Фаластин-Исроил можаросини ҳал қилишга алоҳида эътибор қаратишди. Иштирокчилар Яқин Шарқдаги кескинликни камайтириш, тинчлик ва минтақавий барқарорликни таъминлашга қаратилган дипломатик саъй-ҳаракатларни кучайтириш муҳимлигини таъкидладилар.
А. Исағалиев ўз нутқида Қозоғистоннинг халқаро ва минтақавий можароларни фақат халқаро ҳуқуқ тамойиллари ва БМТ Низоми асосида сиёсий ва дипломатик воситалар орқали тинч йўл билан ҳал қилишга содиқлигини тасдиқлади. Бундан ташқари, тинчлик, хавфсизлик ва барқарор ривожланишни таъминлаш учун ИҲТга аъзо давлатларнинг кўп томонлама мулоқотини мустаҳкамлаш ва кучларини бирлаштириш зарурлигига эътибор қаратилди.
— Қозоғистоннинг Ташкилот фаолиятидаги иштироки борасида ядровий қуролни тарқатмаслик, озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш, транспорт ва логистика алоқаларини ривожлантириш, сунъий интеллект, рақамлаштириш ва илғор технологиялар соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш, шунингдек, собиқ Семипалатинск ядровий полигони ҳудудини тиклашни ўз ичига олган экологик ташаббусларни илгари суриш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди, — дейилади хабарда.
Қозоғистон учун сессиянинг муҳим натижаси Элчи Бағдат Амреевнинг Ислом ҳамкорлик ташкилотининг маъмурий ва молиявий ишлар бўйича Бош котиб ўринбосари лавозимига сайланиши бўлди. Ушбу қарор ИҲТга аъзо давлатларнинг Қозоғистонга бўлган юксак ишончи ва унинг Ташкилот ичидаги кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантиришга қўшган ҳиссасини эътироф этишидан далолат беради.
ИҲТ Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 52-сессияси натижалари бўйича сиёсий, иқтисодий, ҳуқуқий ва маданий-гуманитар соҳаларни қамраб олувчи бир қатор резолюциялар қабул қилинди. Қозоғистоннинг барча ташаббуслари тегишли якуний ҳужжатларда акс эттирилди ва ИҲТ Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг резолюцияларида тасдиқланди.
Эслатиб ўтамиз, Қозоғистонда ислом давлатларининг қишлоқ хўжалиги биохилма-хиллигини сақлайдиган Генетик банки ташкил этилади.