Қозоғистон Таълим-маориф вазирлиги ва DSKZ & KAMC МЧЖ ўртасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум Қозоғистоннинг глобал инвестициялар бўйича IX давра суҳбати доирасида имзоланди.
Шайх Холид Ал Муалла — DSKZ International Investment LLC компанияси акциядори. Бош қароргоҳи Абу-Дабида жойлашган ушбу инвестиция компанияси DSKZ Group халқаро гуруҳи таркибига киради.
“Биз Бирлашган Араб Амирликлари, Ҳиндистон ва Мисрдан келган компаниялар гуруҳини тақдим этамиз. Қозоғистон ҳукумати билан ҳамкорликда инвестиция киритиш учун келдик”, — деди шайх.
Унинг айтишича, лойиҳа доирасида Қозоғистоннинг 17 та вилоятининг ҳар бирида, шунингдек, республика аҳамиятига эга учта шаҳарда биттадан мактаб қуриш кўзда тутилган. Ушбу таълим муассасаларида алоҳида таълим эҳтиёжларига эга болаларни ҳам қўшган ҳолда, барча болалар таҳсил олиши мумкин бўлади.
“Бугун Қозоғистон Таълим-маориф вазирлиги билан ҳамкорлик тўғрисидаги меморандумни имзоладик. Ҳужжат мамлакатнинг ҳар бир ҳудудида, шунингдек, Астана, Алмати ва Чимкент шаҳарларида 20 та инклюзив мактаб қуришни назарда тутади. Бу мактаблар барча болалар, жумладан, алоҳида эҳтиёжлари мавжуд болалар учун ҳам мўлжалланган. Ҳар бир бола сифатли таълим олишга муносиб. Алоҳида эҳтиёжлари бор болалар ҳам тенг имкониятларга эга бўлиши керак. Биз учун бу — муқаддас вазифа. Болаларга ёрдам бериш — энг яхши инвестиция”, — деди шайх.
Ҳозирча мактаблар қуриладиган аниқ жойлар, лойиҳани амалга ошириш муддатлари ва ўқувчилар учун ажратиладиган ўринлар сони маълум қилинмаган.
Халқаро гуруҳ ижтимоий лойиҳалардан ташқари, Қозоғистонда саноат соҳасини ҳам ривожлантиришни режалаштиряпти. Инвесторлар вакилларининг маълумотларига кўра, гуруҳ кимё саноатида фаолият юритади ҳамда БАА ва Саудия Арабистонида иш олиб боради. Компания Қозоғистонда ҳам ўз филиалини очишни режалаштирган.