1 октябрдан темир йўл бўйича Алмати — Тошкент халқаро йўналишида «Аёллар вагони» йўлга қўйилади

ASTANA. Kazinform - 2026 йил 1 октябрдан «Йўловчи ташиш» АЖ биринчи марта Алмати — Тошкент йўналиши бўйича ҳаракатланадиган №½ халқаро поезд таркибида «Аёллар вагони»ни жорий этади. Поезд Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасида мунтазам темир йўл қатновини таъминлайди, деб хабар беради Kazinform.

Фото: АО «Пассажирские перевозки»

“Алмати-Тошкент халқаро йўналиши Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасида йўловчи ташиш алоқаларини ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга. Ушбу йўналишга талаб юқорилиги ва йўловчилар оқими ортиб бораётганини ҳисобга олган ҳолда, мазкур йўналишда «Аёллар вагони»ни ишга туширишга қарор қилинди. Ушбу хизмат ички темир йўл йўналишларида ҳам юқори талабга эга. Хизмат жорий этилганидан буён «Аёллар вагони»дан 946 мингдан ортиқ йўловчи фойдаланди”, — деди «Йўловчи ташиш» АЖ бошқарув раиси Ануар Ахметжанов.

Поезд ҳар куни қатнайди:

  • Алмати станциясидан жўнаб кетиш — 19:05;
  • Тошкент станциясига етиб келиш — 12:53 (Тошкент вақти билан);
  • Тошкент станциясидан жўнаб кетиш — 14:41 (Тошкент вақти билан);
  • Алмати станциясига етиб келиш — 08:51.
Фото: АО «Пассажирские перевозки»

«Аёллар вагони»да катталар ҳамроҳлигида етти ёшгача бўлган ўғил болаларнинг сафар қилишига рухсат берилади. Бундай вагонларга чипталар фақат аёлларга сотилади, уларга эса фақат аёл проводниклар хизмат кўрсатади.

“Чипталарни темир йўл кассаларидан кассирга «Аёллар вагони»ни танлаётганингизни билдирган ҳолда, шунингдек, расмий сайт орқали онлайн харид қилиш мумкин. Чипта расмийлаштирилаётганда «ЖН» белгисига эътибор бериш керак. Ушбу белги жойнинг аёллар вагонига тегишли эканини кўрсатади”, — дея хабар берди «Йўловчи ташиш» компанияси.

Қайд этилишича, чипталар савдоси поезд жўнаб кетишидан 45 кун олдин очилади. Бу йўловчиларга сафарни олдиндан режалаштириш имконини беради.