Арманистонда ноқонуний олиб кирилган телефонлар ишламайдиган бўлади

ASTANA. Kazinform — Арманистон мобил телефонлар бўйича яширин бозорга қарши курашиш мақсадида IMEI-кодларни рўйхатдан ўтказиш тизимини жорий этади, деб хабар беради Kazinform мухбири.

Фото: Агибай Аяпбергенов / Kazinform

Арманистонда IMEI-кодларни рўйхатдан ўтказиш ва назорат қилишнинг ягона тизимини яратиш режалаштирилмоқда. Ушбу тизим мамлакатга қонуний равишда олиб кирилган ёки белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган қурилмаларнинггина мобил алоқа тармоқларига уланишига имкон беради.

Тегишли чоралар айни пайтда мамлакат ҳукумати томонидан кўриб чиқилаётган «Электрон коммуникациялар тўғрисида»ги қонунга киритиладиган ўзгартишлар лойиҳасида назарда тутилган.

Ҳукумат йиғилишида сўзга чиққан Арманистон Бош вазири Никол Пашинян мобил телефонлар бозори ҳамон яширин иқтисодиётнинг энг йирик соҳаларидан бири бўлиб қолаётганини таъкидлаб, уни тартибга солиш учун тизимли ечимлар зарурлигини билдирди.

“Мобил телефонлар қора бозорининг даври якунланиш арафасида. Мамлакатга қонуний равишда олиб кирилгани тасдиқланмаган бирорта ҳам телефон Арманистон Республикаси ҳудудида ишламайди”, — деди Ҳукумат раҳбари.

Бош вазирнинг айтишича, янги қоидалар, энг аввало, бозор иштирокчилари ва бизнес ҳамжамиятига тааллуқли бўлади. Шахсий мақсадда фойдаланиш учун мобил қурилмаларни мамлакатга олиб кираётган фуқаролар учун эса қўшимча қийинчилик туғдирмайдиган алоҳида тартиб жорий этилади.

Пашинян ушбу ташаббус соҳавий ташкилотлар ва парламент депутатлари билан муҳокама этилишини таъкидлади. Шу билан бирга, у ислоҳотни кечиктириш режалаштирилмаганини маълум қилди.

“Тизим 2027 йил 1 январдан бошлаб кучга кириши ва тўлиқ ишлай бошлаши керак”, — деди Бош вазир.

Қонун лойиҳасига илова қилинган тушунтириш хатида қайд этилишича, IMEI-кодларни назорат қилиш механизмининг мавжуд эмаслиги декларация қилинмаган, қалбаки ёки ўзгартирилган идентификация рақамларига эга қурилмаларнинг муомалага киришига йўл очмоқда. Бу эса солиқ тушумларининг камайишига, рақобат муҳитининг бузилишига, шунингдек, техник ва хавфсизлик билан боғлиқ таваккалчиликларнинг ортишига сабаб бўлади.

Ҳукумат фикрича, янги тизимни жорий этиш яширин иқтисодиёт ҳажмини қисқартиришга, солиқ маъмуриятчилиги самарадорлигини оширишга, мобил қурилмалар бозорини тартибга солишга, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишни кучайтиришга ҳамда телефон ўғирланиши ва фирибгарлик ҳолатларини камайтиришга хизмат қилади.

Бундан аввал Озарбайжон Арманистон учун халқаро интернет-трафик транзитини таъминлаши ҳақида хабар берилган эди.