Лойиҳа сунъий интеллект ёрдамида экин майдонлари ҳақидаги маълумотларни, жумладан, тупроқ таркиби, об-ҳаво шароити, намлик даражаси, экинларнинг ривожланиш босқичлари ва сунъий йўлдош маълумотларини таҳлил қилиш имконини беради. Тўпланган маълумотлар асосида платформа қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларига суғориш, ўғит қўллаш ва далаларни парвариш қилиш бўйича аниқ тавсиялар беради.
Платформанинг биринчи прототипи Қизилўрда вилоятидаги маккажўхори даласида синовдан ўтказилди. Тизим гектарига 9,8 тонна ҳосил олишни прогноз қилди. Пилот синови натижасида ҳосилдорлик гектарига 6-7 тоннадан гектарига 10,2 тоннагача ошди.
AgriX лойиҳасининг илмий хусусияти сунъий интеллект технологияларини илмий асосланган агрономик методологиялар билан уйғунлаштиришдир. XGBoost машина ўрганиш алгоритми ҳосилдорликни башорат қилиш учун, FAO-56 методологияси эса экинларнинг сувга бўлган эҳтиёжини ҳисоблаш учун ишлатилади. Ҳозирда платформада 62 та қишлоқ хўжалиги экинлари бўйича маълумотлар мавжуд.
Лойиҳанинг асосий мақсади — қишлоқ хўжалигида маълумотларга асосланган қарорлар қабул қилиш имкониятини кенгайтиришдир. Платформадан фойдаланиш сув ва ўғитлардан самарали фойдаланишга, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари учун харажатларни камайтиришга ва унумдорликни оширишга ёрдам беради.
— Ҳозирда AgriX синов босқичидан ўтмоқда. Келажакда алгоритмларнинг аниқлигини ошириш, синов майдонлари доирасини кенгайтириш, платформани тупроқ параметрларини реал вақт режимида ўлчайдиган сенсорлар билан интеграция қилиш ва уни тижорат мақсадларида фойдаланиш учун жорий этиш режалаштирилган, — дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, бу йил Қозоғистонда сунъий интеллект университети талабаларни ўқитишни бошлайди.