Жўжи улусининг 800 йиллигини нишонлаш доирасида қандай тадбирлар ўтказилади
ASTANA. Kazinform – Жўжи улусининг 800 йиллигини нишонлаш доирасида анжуманлар, давра суҳбатлари, семинарлар ташкил этилади. Бу ҳақда Қозоғистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Тамара Дуйсенова ҚР Парламенти Сенати депутатларининг сўровига жавобан маълум қилди, деб хабар беради Kazinform мухбири.

— Бугунги кунда “Жўжи улуси” илмий-тадқиқот институти” хўжалик юритиш ҳуқуқига эга илмий лойиҳалар ва илмий-техник дастурларни амалга оширмоқда. Давлат раҳбарининг топшириғига мувофиқ Қозоғистон тарихи ва жаҳон тарихи бўйича ягона дарсликларни тайёрлаш ва амалиётга жорий этиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Мамлакат архивлари ва кутубхоналарида янги аниқланган маълумотлар манбаларидан фойдаланган ҳолда “Қозоғистоннинг антик даврдан то ҳозирги кунгача тарихи” 7 жилдлик илмий нашри тайёрланмоқда, жумладан Жўжи улуси ҳақидаги янги маълумотлар қамраб олинган. Унинг асосида “Қозоғистон тарихи” ва “Жаҳон тарихи” фанлари бўйича ягона мактаб дарсликлари тайёрланади. Шунингдек, марказий ва маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари ташаббуси билан Жўжи ҳақидаги монография ва Жўжи улуси ҳақидаги манбалардан таржималар тўплами тақдимотини ташкил этиш режалаштирилган, — деди Т.Дуйсенова.
Бундан ташқари, Бош вазир ўринбосарининг сўзларига кўра, “Ўрта аср Қозоғистон тарихида Жўжи, Чиғатой ва Хайду улуслари тарихи”, “Қозоғистон давлатчилиги тарихининг долзарб масалалари: Хун империяси, Турк хоқонлиги ва Жўжи улусидан мустақил Қозоғистонгача”, “Буюк Улус асосчиси – Жўжи ва унинг авлодлари таржимаи ҳолини ўрганишнинг долзарб масалалари”, “Жўжи улусининг маънавий-адабий мероси”,“Жўжи улуси ва Қозоғистон тарихида давлатчилик хусусиятлари”, “Жўжи улуси тарихини ўрганишнинг долзарб масалалари”, “Жўжи улусидаги ижтимоий-фалсафий масалалар”, “Жўжи улусига 800 йил” мавзуларида халқаро илмий-амалий анжуманлар ташкил этилади ва А. Марғулон номидаги Археология институти ва А. Х. Холиқов номидаги археология институти (Татаристон Республикаси), Волга-Урал бўйидаги ўрта аср ёдгорликлари асосида қўшма семинарлари ўтказилади.
Ҳужжатли ва бадиий фильмлар, болалар учун мультфильмлар, республика телеканалларида кўрсатувлар кўрсатиш режалаштирилган. Жорий йилда бўлиб ўтадиган Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинлари доирасида 2022 йилда суратга олинган Жўжи ҳақидаги анимацион фильм намойиш этилади.
Шу билан бирга, 2024–2026 йилларда Улитау мемориал мажмуаларини ЮНEСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритиш бўйича тегишли ишлар амалга оширилмоқда. Атирау ва Улитау вилоятларида Олтин Ўрда ва Жўжи улуси тарихи билан боғлиқ “Саройчиқ” ва “Улитау” республика музей-қўриқхоналари ташкил этилди.
Ушбу музей-қўриқхоналар ўз юрисдикциясидаги тарихий ва маданий ёдгорликларни, жумладан, Саройчиқ аҳоли пункти, Жўжи, Алаша, Бўлган она, Домбаул каби Олтин Ўрда мақбараларини ҳимоя қилиш, асраш ва оммалаштириш бўйича фаолият юритади. Музей-қўриқхоналарда музей кўргазмалари жамланган бинолар, шунингдек, сўнгги йилларда қурилган ва фойдаланишга топширилган сайёҳлик марказлари ёрдамида Олтин Ўрда тарихи ва маданиятини оммалаштириш ва тарғиб қилиш учун катта имкониятлар мавжуд.
— Мамлакатимизнинг Астанадаги Миллий музей, Алматидаги Давлат марказий музейи каби етакчи музейларида Олтин Ўрда даврининг ноёб ашёлари акс эттирилган музей фондлари сақланмоқда. 2023 йил июнь ойида Қалибек Қуанишбаев номидаги Қозоқ давлат академик мусиқали драма театрида “Жўжи хон” тарихий драмаси тақдимоти бўлиб ўтди ва январь ойида у репертуарга киритилди. Мазкур тадбир республика телеканаллари орқали кўрсатилиб, республика ва ҳудудий босма оммавий ахборот воситалари ҳамда интернет ресурсларида ёритилди, — деди Ҳукумат раҳбари ўринбосари.
Тамара Дуйсенованинг таъкидлашича, Астана шаҳар ҳокимлигининг 2022 йил 18 августдаги қарори билан Есил туманидаги “Е809” кўчаси “Жўжи хон кўчаси” деб номланган. 2024 йил 12 январь куни Астана шаҳрида Жўжи улусини ўрганиш илмий институти ташаббуси билан “Жўжи улуси тарихини ўрганишнинг долзарб масалалари” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.
– Умуман олганда, бу ишлар Жўжи улусининг 800 йиллигига бағишланган тадбирлар доирасида давом этади, – дейди Тамара Дуйсенова.