12:34, 16 Январь 2023 | GMT +5
ЖССТ Хитойни коронавируснинг янги тўлқини ҳақидаги маълумотларни яширмасликка чақирди
ASTANA. Kazinform – Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Хитой ҳукуматини коронавируснинг янги тўлқини ҳақидаги маълумотларни эълон қилишдан бош тортмасликка чақиради. Бундай баёнот коронавирусдан вафот этганлар сонининг расмий сони аниқлангандан кейин қилинган. Ушбу маълумотларга кўра, декабр ойидан бери 5,5 мингдан ортиқ одам COVID-19 туфайли келиб чиққан нафас олиш муаммоларидан вафот этган. Яна 55 мингга яқин киши коронавирус инфекцияси билан кечган турли касалликлардан вафот этди, дея хабар беради Kazinform Euronews агентлигига таяниб.
Шу билан бирга, Хитой эпидемиянинг навбатдаги чўққиси тугаганини, янги рўйхатга олинган беморларнинг сони декабр ойининг охирига нисбатан 83 фоизга камайганини айтмоқда.
Хитой ҳукумати санитария талабларини яна енгиллаштирганини эълон қилди. Гонконгга тезюрар поездлар қатнови тикланди. Халқнинг оммавий норозилиги туфайли мамлакат ҳукумати COVID-19 га нисбатан «нол бардошлик» сиёсати доирасида бир қатор бошқа чекловлардан воз кечди. Шундан сўнг вирусни юқтирганлар сони яна кўпайди ва Хитойга келаётган одамларга янги халқаро чекловлар жорий этилди.
Фото: AP Photo/Andy Wong