Жорий йилда Қозоғистонда рекорд даражадаги 17 миллион тонна нефть маҳсулотлари ишлаб чиқарилади
NUR-SULTAN. Кazinform - Жорий йилда мамлакатда 17 миллион тонна нефть маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. Бу ҳақда Президент Қасим-Жомарт Тоқаев қабулида бўлган «ҚазМунайГаз» МК бошқаруви раиси Мағзум Мирзағалиев маълум қилди, дея хабар беради Кazinform Ақордага таяниб.
Давлат раҳбари «ҚазМунайГаз» миллий компанияси томонидан мазут бозоридаги вазиятни барқарорлаштириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисидаги маърузасини тинглади.
Компания раҳбарининг сўзларига кўра, жорий йилда Қозоғистонда 17 миллион тонна нефть маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. Бу рекорд кўрсаткич.
Чимкент ва Атирау нефтни қайта ишлаш заводларида режалаштирилган таъмирлаш ишларини кейинга суришга қарор қилинди. Бу ички бозорни қўшимча 150 минг тонна дизел ёқилғиси билан таъминлаш имконини беради. Шунингдек, «Қазақстан темір жолы» миллий компанияси томонидан 100 минг тоннагача дизель ёқилғиси импорт қилинади.
Мағзум Мирзағалиев нефть ва газ кимёси соҳасида «ҚазМунайГаз» лойиҳаларини амалга ошириш тўғрисида маъруза қилди. Айни пайтда Атирау вилоятида полипропилен ишлаб чиқариш корхонасини ишга тушириш ишлари якунланди. Корхонани бир ой муддатда ишга тушириш режалаштирилган. Бундан ташқари, Президентга полиэтилен ва бутадиен ишлаб чиқариш билан боғлиқ лойиҳаларнинг бориши ҳақида маълумот берилди.
Давлат раҳбарига Каспий қувурлари концорциуми денгиз терминалидаги мавжуд вазият ҳақида маълумот берилди. Нефть мунтазам равишда танкерларга юкланади ва жадвалга мувофиқ жўнатилади.
Қабул якунларига кўра, Давлат раҳбари инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш билан боғлиқ қатор топшириқлар берди.