Жанубий Кореяда сув остида қолган туннелдан 9 кишининг жасади топилди

None
Фото: Yonhap
SEOUL. Kazinform – Жанубий Кореянинг Чонгиу шаҳри яқинида сув босган туннелда қолиб кетган машиналарга етиб бориш учун иш олиб бораётган қутқарувчилар тўққиз кишининг жасадини топди, деб хабар беради Kazinform ВВC агентлигига таяниб.

Бир неча кунлик тинимсиз ёмғирдан кейин сел суви ер ости ўтиш йўлагига шу қадар тез оқиб тушдики, йўловчилар ва ҳайдовчилар қочиб қутула олмай, машиналари ичида қолиб кетган.

Мамлакатнинг катта қисмида сув тошқинлари, кўчкилар ва электр таъминотидаги узилишлар оқибатида камида 37 киши ҳалок бўлди.

Тўққиз киши бедарак йўқолган.

Осонг шаҳридаги 685 метр узунликдаги туннелда қанча одам қолгани номаълум, аммо 15 та машина сув остида қолгани тахмин қилиняпти.

Автобусдан бир неча кишининг жасади чиқарилди. Шанба куни омон қолган 9 киши қутқариб олинди.

Ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларининг айтишича, маҳаллий ҳокимият тезкор чора кўрганида, ўлимнинг олдини олиш мумкин эди.

Маҳаллий матбуотнинг ёзишича, фожиадан бир неча соат олдин сув тошқини назорати бўлими сув сатҳи чегарадан ошиб кетгани, шу боис туннел яқинидаги ҳаракат йўналишини ўзгартиришга тўғри келгани ҳақида огоҳлантирган.

Қолган ўлимлар бутун уйларни кўчки суриб кетган тоғли Шимолий Кёнсан минтақасида содир бўлган.

Шанба куни Жанубий Кореяда 300 мм га яқин ёмғир ёғди.

Корея метеорология ассоциацияси маълумотларига кўра, одатда йилига 1000 дан 1800 мм гача ёмғир ёғади, уларнинг аксарияти ёз ойларида содир бўлади.

Сув тошқинидан зарар кўрган ҳудудлардан олинган аэрофотосуратлар мўл-кўл жигарранг лой ва сел сувини кўрсатади, сувдан фақат томлар кўринади.

Маҳаллий маъмуриятларнинг кечиктирилган эвакуация буйруғи туфайли минглаб одамлар жабр кўрди ва бош вазир Хан Дак Су ҳарбийлардан қутқарув ишларида ёрдам беришни сўради.

Агентлик маълумотларига кўра, шанба куни эрталаб Шимолий Чунчхондаги Госан тўғони тошиб кета бошлагач, 6400 га яқин аҳоли эвакуация қилинган.

Тўғон яқинида жойлашган бир қатор қишлоқлар ва уларни боғловчи йўллар сув остида қолган, айрим аҳоли ўз уйларида қолган.

Жума куни кечки пайт Шимолий Чунчхонда кўчки поезднинг релсдан чиқиб кетишига сабаб бўлди.

Ўшанда поездда йўловчилар бўлмаганига қарамай, бир муҳандис жароҳатланган.

Сўнгги хабарлар
telegram