Жамбил вилоятида 92 мингдан ортиқ бола Pfizer билан эмланади
Қозоғистон Республикаси бош санитария врачининг буйруғига асосан Comirnaty BioNTech/Pfizer вакцинаси билан эмлаш бошланди.
Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Асет Қалиевнинг маълум қилишича, 11 ноябр куни Жамбил вилоятига 40 950 доза вакцина етказиб берилган.
12-17 ёшдаги болалар ва ҳомиладор аёллар (16-37 ҳафта), шунингдек, эмизикли оналар ушбу препарат билан эмланади.
21-28 кундан кейин эмлашнинг иккинчи босқичи ўтказилади. Шу кунгача аҳолининг мақсадли гуруҳлари ўртасида кенг кўламли тарғибот-тушунтириш ишлари олиб борилди.
Бу иш давом этмоқда.
«Таъкидлаш жоизки, ўсмирларни эмлаш фақат боланинг ота-онаси ёки қонуний вакилларининг ёзма равишда хабардор қилинган розилиги билан амалга оширилади. Вилоятимизда 139 минг 230 нафар аҳолини Pfizer препарати билан эмлаш режалаштирилган. Уларнинг 92 минг 960 нафари 12-17 ёшли ўсмирлар, 46 минг 270 нафари ҳомиладор ва эмизикли аёллардир. Яқин кунларда вилоятдаги 441 та таълим муассасасининг тиббиёт пунктларида эмлаш ишлари олиб борилади», - деди бошқарма бошлиғи.
Муаллиф: Сая Сембай