Ўзбекистоннинг барча туман ва шаҳарларида юридик хизмат кўрсатиш марказлари очилади
Шунга кўра, давлат бюджетидан молиялаштириладиган айрим давлат ташкилотларининг туман (шаҳар) бўлинмаларида 2021 йил 1 октябрдан жами 1 182 та юридик хизматлар штат бирликлари қисқартирилади.
Бўшатилаётган штат бирликлари ҳисобидан Марказлар фаолиятини ташкил этиш учун 1 056 та штат бирликлари ажратилади.
2021 йил 1 октябрдан давлат ташкилотларига юридик хизмат кўрсатиш билан боғлиқ барча маълумот ва жараёнларни тўлиқ электрон равишда йиғиш, қайта ишлаш, таҳлил қилиш ва амалга ошириш имконини берувчи «E-huquqshunos» электрон тизими босқичма-босқич жорий этилади.
Марказлар томонидан давлат ташкилотларига юридик хизматлар ушбу электрон тизим орқали амалга оширилади.
Марказлар Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлмаган таркибий бўлинма тарзида ташкил этилади ва уларга бўйсунади.
Марказлар ходимларига суд процессида юридик хизмат кўрсатиладиган ташкилотларнинг вакили сифатида қатнашиш ҳуқуқи берилади.
Марказлар ходими сифатида камида 3 йил меҳнат стажига эга бўлган шахс:
лицензия олиш учун адвокат мақомига эга бўлишга талабгор шахс сифатида адвокатлик тузилмасида стажировкадан ўтмасдан малака имтиҳонида иштирок этиш;
нотариал идорада 6 ой муддат стажировка ўтаб малака имтиҳонини топшириш ҳуқуқига эга бўлади.
Марказларнинг қонуний фаолиятига бирон-бир тарзда аралашиш ва тўғридан-тўғри ёки билвосита таъсир ўтказиш қатъиян тақиқланади.
Қарорга кўра, Марказлар томонидан юридик хизмат кўрсатилиши белгиланган ташкилотларнинг Марказлар билан келишилмаган ҳолда юридик тусдаги ҳужжатлар қабул қилишига йўл қўйилмайди.
Шунингдек, Марказлар бошқа юридик шахсларга пуллик асосда юридик хизматлар кўрсатиши мумкин.