Ўзбекистонда Марказий божхона лабораторияси қурилади

Агентлик маълум қилишича, ВМ қарорига кўра, Давлат божхона қўмитаси тизимида алоҳида юридик шахс мақомига эга бўлган Марказий божхона лабораторияси ташкил этилади.
Ушбу лабораториянинг асосий вазифасига:
товарларни индентификациясига мувофиқ экспертизадан ўтказиш;
товарларни Ўзбекистон Республикаси ташқи иқтисодий фаолият товар номенклатураси бўйича классификациялаш;
никотин сақловчи ва спиртли ичимликлар таркибини аниқлаш каби хизматлар киради.
Шунингдек, лаборатория жисмоний ва юридик шахсларга ТИФ ТН бўйича дастлабки қарор бериш, шартнома асосида товарларни экспертизадан ўтказиш ва сертификатлаш билан боғлиқ бўлган бошқа хизматларни ҳам кўрсатади.
Давлат божхона хизмати органлари эҳтиёжига кўра суд экспертизасининг гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар экспертизаси ва бошқа криминалистик турларни ўтказади, илмий-текшириш ишларини амалга оширади.
Минтақавий божхона лабораторияси мақоми доирасида хорижий мамлакатларнинг божхона органлари ходимлари билан яқиндан ҳамкорлик қилади ҳамда уларга хизматлар кўрсатади.
Жисмоний ва юридик шахсларга ҳамда хорижий давлатларнинг божхона хизмати органларига пулли хизматлар кўрсатишдан тушадиган маблағлар тўлиқ ҳажмда Марказий божхона лабораториясини ривожлантириш жамғармасига ўтказилади.
МБЛ тадқиқотлар ўтказиш, ходимлар малакасини ошириш, тажриба алмашиш, илмий-амалий семинарлар ўтказиш борасида республика ва хорижий давлатларнинг экспертиза муассасалари билан алоқа ўрнатади, соҳадаги муаммоли ҳолатлар бўйича Умумжаҳон божхона ташкилоти билан ҳамкорликни йўлга қўяди.