Ўзбекистонда «Энергетика хотин-қизлари халқаро форуми» ўтказилди
Форум Ўзбекистон Энергетика, нефть-газ ва геология ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши, «Ўзбекнефтгаз» АЖ хотин-қизлар қўмитаси ҳамда «Шўртан газ кимё мажмуаси» МЧЖ ҳамкорлигида ташкил этилди.
Форумда Энергетика вазирлиги ва «Ўзбекнефтгаз«АЖ тизимидаги корхоналарда фаолият олиб бораётган 200 нафарга яқин хотин-қизлар, шунингдек, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Татаристон мамлакатларининг энергетика ва нефть-газ саноати корхоналардаги мавжуд касаба уюшма қўмиталарининг 10 нафар вакиллари иштирок этди.
Форумнинг асосий мақсади Ўзбекистонда ва ҳамдўст давлатларнинг энергетика ва нефть-газ соҳасида меҳнат қилаётган хотин-қизларни ўзаро фикр ва тажриба алмашиши, илмий, ижодий ва интеллектуал салоҳиятини юксалтиришдан иборатдир.
Даставвал меҳмонларни мамлакатнинг тарихи ва миллат қадриятлари билан яқиндан таништириш мақсадида кўҳна ва боқий Самарқанд ҳамда сўлим Шаҳрисабз шаҳарларига саёҳат уюштирилди.
Шундан сўнг «Лочин» болалар дам олиш оромгоҳида форум иштирокчиларини кутиб олиш маросими бўлиб ўтди ва форумга старт берилди. Очилиш маросимида модераторлар томонидан форум дастури ва кўзда тутилган тадбирлар ҳақида маълумотлар берилди.
Дастурга мувофиқ иштирокчиларни 10 та жамоага бўлган ҳолда юртимиздаги малакали коуч-тренерлар кўмагида «Соғлом аёл-соғлом жамият» мавзусида семинар тренинглар ташкил этилди.
Қизиқарли ва интерфаол усулларда ўтказилган семинар-тренинглардан сўнг Шўртан газ кимё мажмуасининг хотин-қизлари томонидан тайёрланган «Аждодлар мероси-гўзал атласим!» ҳунармандлар кўргазмаси ҳамда «Замонлар оша-маданий мерос» миллий фольклор намойиши бўлиб ўтди.
Иштирокчиларни илм олишга, китоб ўқишга, изланишга бўлган қизиқишларини қўллаб-қувватлаш мақсадида «Брэйн ринг» интеллектуал шоуси бўлиб ўтди.