Ўзбекистонда «Буюк ипак йўли» халқаро фольклор мусиқа фестивали бўлиб ўтмоқда

None
Фото: ЎзА
TASHKENT. UzA-Kazinform - Марғилон шаҳрида «Буюк ипак йўли» халқаро фольклор мусиқа фестивали бошланди. Унда Ўзбекистондаги фольклор жамоалар, Тожикистон, Қозоғистон, Қирғизистон каби давлатлардан мусиқа ижрочилари, соҳа мутахассислари иштирок этмоқда, деб хабар беради Kazinform UzAга таяниб.

Буюк ипак йўли нафақат савдо-сотиқ, балки турли халқларнинг маданият, санъат ривожига ҳам катта ҳисса қўшди. Миллатлар ва мамлакатлар ўртасида маданий ришталар мустаҳкамланди. Хусусан, қадим фольклор санъати ривожланиб, асрлар давомида маънавий бойлик сифатида қадрланиб келинмоқда.

ЎР Президенти томонидан маданият ва санъат соҳасига, халқнинг бой маданий меросига берилаётган эътибор натижасида мамлакатда бошқа санъат турлари қатори фольклор ҳам ривожланмоқда. Хусусан, ҳар икки йилда бир марта Марғилон шаҳрида «Буюк ипак йўли» халқаро фольклор мусиқа фестивалининг ўтказилиши ҳам катта воқеа бўлди.

«Мазкур фестивални ўтказишдан асосий мақсад фольклор мусиқа санъатини кенг тарғиб этиш, мусиқий меросни эъзозлаб сақлаш, ўрганиш, ўзлаштириш, ривожлантириш ва фольклор санъатининг моҳир ижрочиларини рағбатлантиришдан иборат.

Фестиваль доирасида илмий-ижодий конференция, семинарлар, давра суҳбатлари, сайиллар, концертлар, кўргазмалар уюштирилади, турли ҳаваскор фольклор жамоалари, ашула, мусиқа ва рақс ансамбллари, яккахон ижрочилар чиқишлари намойиш этилади», – дейди вилоят ҳокими ўринбосари Хуршиджон Аҳмедов.

Иккинчи бор ўтказилаётган фестиваль дастуридан кўплаб тадбирлар ўрин олган. «Ўрта асрларда Марғилон ипак матоларининг халқаро бозордаги аҳамияти» мавзусида илмий-амалий конференция ўтказилди. Шунингдек, ижодкорлар боғида юртимизнинг барча ҳудудларидан келган фольклор жамоалар ўз дастурларини намойиш этмоқда.


Сўнгги хабарлар
telegram