Ўзбекистон Афғонистон орқали юк ташувини ривожлантиради
Маълум қилинишича, сафар давомида Афғонистон транспорт ва фуқаро авиацияси вазири вазифасини бажарувчи Мулло Ҳамидулло Охунзода билан «Ўзбекистон – Афғонистон – Покистон» автомобиль йўли бўйлаб экспедиция амалга оширилган. Кузатув жараёнида Кобул шаҳрини мамлакат шимоли, хусусан, Мозори-Шариф билан боғловчи «Саланг» довони ҳамда Покистон чегарасидаги «Торхам» ўтиш манзилидаги вазият ўрганилган.
«Икки томонлама музокарада Афғонистон ва Покистон орқали Ҳинд океани портларига чиқиш учун халқаро транспорт йўлагини шакллантириш, транспорт-логистика корхоналари ҳамкорлигини кучайтириш, халқаро автомобиль ташувчиларга қулай шарт-шароит яратиш, жумладан, Афғонистон ҳудуди бўйлаб транзитга ва бошқа манзилларга юк ташишга қўйилган чекловни олиб ташлаш масалалари муҳокама қилинди», - дейилади агентлик хабарида.
Учрашув якунида томонлар ўзаро транзит юк ташувини ривожлантириш учун бор имкониятни сафарбар қилишга келишиб олди.