Ўзбекистон 2024 ва 2028 йилларда бўладиган Олимпиадаларга тайёргарликни бошлади

«Ўзбекистон спортчиларининг навбатдаги ёзги ва қишки Олимпия ва Паралимпия ўйинларида муваффақиятли иштирок этиши учун тайёргарлик ишларини жадаллаштириш тўғрисида»ги президент қарори қабул қилинди. Унга кўра, «Ўзбекистон спортчиларининг навбатдаги ёзги ва қишки Олимпия ва Паралимпия ўйинларида муваффақиятли иштирок этиши учун тайёргарлик ишларини жадаллаштириш, шунингдек, ғолиб ва совриндор бўлган спортчиларни пул мукофотлари билан рағбатлантириш» кўзда тутилган.
Жумладан, 2024 йил Париж шаҳрида (Франция) бўлиб ўтадиган XXXIII ёзги Олимпия ва XVII Паралимпия ўйинларида (кейинги ўринларда – Олимпия ва Паралимпия ўйинлари) ғолиб ва совриндор бўлган Ўзбекистон спортчилари Давлат бюджети ҳисобидан олтин медаль учун – 200 000 АҚШ доллари; кумуш медаль учун – 100 000 АҚШ доллари; бронза медаль учун – 50 000 АҚШ доллари миқдорида бир марталик пул мукофоти билан рағбатлантирилади.
Таъкидлаш жоизки, давлат раҳбари «спортнинг дзюдо, таэквондо (WT), оғир атлетика, спорт курашлари, стол тенниси турларини ривожлантириш»га алоҳида урғу берган.
Бундан ташқари, Ҳужжатда тегишли идора ва ташкилотларга 2026 йил Милан шаҳрида (Италия) бўлиб ўтадиган XXV қишки Олимпия ва XIV Паралимпия ўйинларига Ўзбекистон спортчиларини комплекс тайёрлаш ва 2028 йил Лос-Анджелес шаҳрида (АҚШ) бўлиб ўтадиган XXXIV ёзги Олимпия ва XVIII Паралимпия ўйинларига Ўзбекистон спортчиларини комплекс тайёрлаш тўғрисидаги президент қарорлари лойиҳаларини ишлаб чиқиш вазифаси юклатилган.