Ўзбекистон 1 миллион доллар сармоя киритган хорижликларга фуқаролик бериши мумкин
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида «Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида»ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси жойлаштирилди.
Мазкур қонун лойиҳасида мамлакат иқтисодиётига тўғридан-тўғри йирик сармоя киритган хорижий инвесторларга Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини беришнинг соддалаштирилган тартиби назарда тутилган.
Лойиҳада ушбу соддалаштирилган тартиб хорижий давлат фуқароси бўлган ёки фуқаролиги бўлмаган, Ўзбекистондаги инвестиция лойиҳаларига камида 1 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ киритган шахсга нисбатан қўлланилиши қайд этилган. Шунингдек, нафақат инвесторлар, балки таниқли олимлар, спортчилар, маданият ва санъат арбоблари ҳам фуқароликни олиш учун ариза топширишлари мумкин.
Хорижий давлат фуқаролари ёки фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Ўзбекистоннинг инвестиция лойиҳаларига камида 1 миллион АҚШ доллари миқдоридаги инвестиция киритганлигини тасдиқловчи гувоҳнома «Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси» давлат унитар корхонасига ёки Давлат хизматлари маркази томонидан берилади.
Сурат: ЎзА