ЮНEСКО 15 декабрни Бутунжаҳон туркий тиллар оиласи куни деб эълон қилди
ЮНEСКОнинг 43-Бош конференциясида 194 мамлакатдан 5000 дан ортиқ делегат иштирок этди. Улар президент Режеп Таййип Эрдоғаннинг 15 декабрни "Бутунжаҳон туркий тиллар оиласи куни" деб эълон қилиш таклифи бўйича резолюция лойиҳасини кўриб чиқдилар ва маъқулладилар.
Туркиянинг ЮНEСКОдаги доимий вакили, элчи Гулнур Айбет ушбу масалага бағишланган йиғилишда сўзлаган нутқида ЮНEСКО шафъелигида барча туркий давлатлар томонидан туркий тиллар оиласини сақлаб қолиш, нишонлаш ва тарғиб қилиш учун тайёрланган таклифнинг ҳаммуаллифлари бўлган мамлакатларга миннатдорчилик билдирди.
Айбет тиллар нафақат мулоқот воситаси, балки авлодлар давомида умумий хотира, донолик ва ўзига хосликни олиб юрадиган цивилизацияларнинг руҳи эканлигини таъкидлади. Кенг ҳудудда 200 миллиондан ортиқ одам сўзлашадиган туркий тиллар оиласи асрлар давомида умумий тарих ва қадриятлардан ташкил топган бой маданий меросни ифодалайди.
Таъкидланишича, 15 декабрь муҳим сана ҳисобланади, чунки у VIII асрга оид турк тилидаги энг қадимги ёзма ҳужжатлар бўлган Ўрхун битикларининг биринчи марта ўқилганини билдиради. Бу кун турк цивилизацияларининг умумий маданий ва бадиий бойлигини рамзий маънода ифодалайди, халқлар ўртасида маданий яқинлашув ва мулоқотни ривожлантиради.
— ЮНEСКО Жаҳон туркий тиллар кунини нишонлаш орқали яна бир бор кўп тиллилик, маданий хилма-хиллик ва халқлар ўртасидаги мулоқотга содиқлигини тасдиқлайди, — деди Айбет.
ЮНEСКОнинг 15 декабрни "Жаҳон туркий тиллар оиласи куни" деб эълон қилиши муносабати билан Турк маданияти ва мероси жамғармаси эртага Самарқандда туркий давлатлар вакиллари иштирокида конференция ташкил қилади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда ЮНЕСКО Бош конференцияси бўлиб ўтмоқда.