Яна 44 нафар афғон ҳарбийлари Ўзбекистоннинг давлат чегарасини бузиб ўтди
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Афғонистон ҳарбий хизматчилари томонидан Ўзбекистон давлат чегаралари бузилганлиги тўғрисида баёнот берди.
«Жорий йилнинг 27 июн куни 44 кишидан иборат Афғонистон чегара қўшинлари ва маҳаллий қуролли гуруҳ вакиллари Шўртепа тумани ҳудудида Ўзбекистоннинг давлат чегарасини бузган. Бир кун аввал, яъни 26 июн куни чегаранинг ушбу қисмида қўшни мамлакат куч ишлатар тизимлари 3 нафар вакилининг Ўзбекистон ҳудудига кириб келиш ҳолати қайд этилган. Барча Афғонистон фуқаролари ўз ватанига қайтарилган. Ўзбекистон ҳудудига бу каби ноқонуний ўтишга уринишлар қатъий равишда бартараф этилади», - дейилади баёнотда.
Вазирлик таъкидлашича, Ўзбекистон Афғонистон билан анъанавий дўстона ва яхши қўшничилик муносабатларини давом эттириш, нейтралитетни сақлаш ҳамда қўшни мамлакат ички ишларига аралашмаслик тарафдори эканлигини қатъий маълум қилади.
Эслатиб ўтамиз, 2021 йил 23 июн куни Афғонистон чегара қўшинларининг 53 нафар ҳарбий хизматчилари ва маҳаллий қуролли гуруҳ вакиллари қурол билан Ўзбекистон ҳудудига ўтиб кетишганди.
Муаллиф: Мадибек Жанибеков