Венгрия Қозоғистонга 300 миллион доллардан ортиқ сармоя киритди
Ўтган 20 йилда Венгриядан Қозоғистонга 300 миллион АҚШ долларидан ортиқ сармоя жалб этилди. Айни пайтда машинасозлик, қишлоқ хўжалиги ва логистика каби соҳаларда умумий қиймати 490 миллион долларлик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича музокаралар олиб борилмоқда, дея хабар беради Kazinform ҚР Ташқи ишлар вазирлигига таяниб.
Расмий ташриф доирасида Қозоғистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – Ташқи ишлар вазири Мурат Нуртилеу Венгрия ташқи иқтисодий алоқалар ва ташқи ишлар вазири Петер Сийярто билан икки томонлама музокаралар ўтказди.
Томонлар Қозоғистон-Венгрия ҳамкорлигини сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларда, халқаро ва минтақавий ташкилотлар доирасидаги ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш истиқболларини муҳокама қилдилар.
Музокараларда савдо-иқтисодий ва сармоявий алоқаларни кенгайтириш, энергетика соҳасидаги ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Томонлар мамлакатлар ўртасида фойдаланилмаган салоҳият мавжудлигини қайд этиб, аниқ қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқиш бўйича фаол ҳамкорлик қилишга тайёр эканликларини тасдиқладилар.
Ўтган 20 йилда Венгриядан Қозоғистонга 300 миллион АҚШ долларидан ортиқ сармоя жалб этилди. Айни пайтда машинасозлик, қишлоқ хўжалиги, логистика каби соҳаларда умумий қиймати 490 миллион долларлик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича музокаралар олиб борилмоқда.
Қозоғистон амалдаги ва янги лойиҳаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди ва Венгрия бизнесининг кейинги муваффақиятли фаолияти учун қулай шарт-шароитларни таъминлашга тайёр.
Шу куни Қозоғистон Республикаси Ташқи ишлар вазири М.Нуртилеу Венгриянинг MOL Group нефть-газ компанияси президенти Жолт Ҳернади билан учрашди.
Томонлар компаниянинг Қозоғистондаги муваффақиятли фаолиятини, хусусан, Ғарбий Қозоғистон вилоятидаги йирик «Рожковское» газ-конденсат конини эрта ишга тушириш масаласини муҳокама қилдилар.