Венгрия Қозоғистонда уруғчилик заводини қуриш ниятида
ASTANA. Kazinform – ҚР Қишлоқ хўжалиги вазири Айдарбек Сапаров Венгриянинг Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Отто Иван Рон билан учрашди. Бу ҳақда ҚР ҚХВ матбуот хизмати маълум қилди.
Венгрия делегацияси таркибига Венгрия элчихонасининг савдо маслаҳатчиси Золтан Нитрай, Фахрий консул, «LAC Holding» президенти Ласло Хорват, Президент маслаҳатчилари Питер Мишкуца ва Лайош Очай кирди.
“Учрашув чоғида уруғлик хомашёсини қайта ишлаш бўйича уруғлик заводи, чорвачилик учун зарур бўлган ем-хашак базасини ишлаб чиқариш бўйича намунавий хўжаликларни ташкил этиш, аграр соҳани ривожлантириш бўйича Қозоғистон-Венгрия қўшма фондини ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди”, – дейилади хабарда.
Айдарбек Сапаров Венгрия томони билан бошқа устувор йўналишларда ҳамкорлик қилишга тайёр эканини таъкидлади.
“Агросаноат комплекси соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга оширишдаги ҳамкорлик бизда катта қизиқиш уйғотмоқда. Инвесторлар ҳар томонлама қўллаб-қувватланади”, – деди вазир.
«LAC Holding» компанияси президенти Ласло Хорват қишлоқ хўжалигини ривожлантириш бўйича ҳамкорлик режалари ҳақида маълумот берди.
Хусусан, Қозоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Венгрия қишлоқ хўжалиги университети билан тажриба алмашиш бўйича келишувга эришди. Бу ишлар доирасида венгриялик агрономлар қозоғистонлик фермерлар билан ўз билим ва ютуқлари билан ўртоқлашади.