Венесуэладаги зилзила қурбонлари сони 4829 кишига етди
ASTANA. Kazinform — Венесуэлада юз берган кучли зилзила оқибатида ҳалок бўлганлар сони 4 829 кишига етди, деб хабар беради Reuters.
Бу ҳақда мамлакат Миллий ассамблеяси раиси Хорхе Родригес чоршанба куни янгиланган маълумотларни эълон қилди.
Ҳукумат маълумотига кўра, 24 июнда содир бўлган зилзила натижасида жабрланганлар сони ўзгармаган ва 16 740 кишини ташкил этмоқда. Шунингдек, табиий офат оқибатида 17 907 нафар аҳоли ҳанузгача уй-жойсиз қолмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Венесуэлада юз берган кучли зилзила Каракас шаҳридаги кўплаб турар-жой биноларини вайрон қилди.
АҚШ Геология хизмати маълумотига кўра, зилзиланинг эпицентри Кариб денгизи соҳилидаги Морон аҳоли пунктининг ғарбида, Каракасдан тахминан 168 километр узоқликда жойлашган. Зилзила ўчоғи 13 километр чуқурликда қайд этилган.
1 июлда Венесуэла президенти вазифасини бажарувчи Делси Родригес зилзила қурбонлари хотирасига мамлакатда етти кунлик миллий мотам эълон қилди.
Шунингдек, Хитой Венесуэлага биринчи гуманитар ёрдам партиясини юборди.
Бундан аввал Венесуэладаги зилзилалар оқибатида ҳалок бўлганлар сони 4,7 мингдан ошгани ҳақида хабар қилинган эди.