Вашингтонда Туркий давлатлар ташкилоти ташкил этилганининг 13 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди
Тадбирда Туркиянинг Вашингтондаги элчиси Ҳасан Мурат Мержан, ТДТга аъзо мамлакатлар элчилари, дипломатлар, АҚШ Давлат котиби ёрдамчисининг Кавказ, минтақавий можаролар ва Жанубий Европа масалалари бўйича ўринбосари Эрика Олсон, экспертлар ва ноҳукумат ташкилотлари вакиллари иштирок этди.
Тадбирда сўзга чиққан Мержан Туркия ўтган асрнинг 90-йилларидан бошлаб Марказий Осиёдаги туркий давлатларнинг мустақиллиги, барқарорлиги ва фаровонлигига устувор аҳамият қаратганини таъкидлади.
Элчи муштарак маданият, тарих, тил туркий давлатлар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилувчи муҳим омиллар эканини таъкидлади.
«Бугунги кунда дунёда 300 миллионга яқин туркий халқлар вакиллари яшайди. Бизни фақат чегаралар ажратиб туради. Чегаралар ҳам ҳаёт ҳақиқатидир. Бироқ, халқларимиз ўртасидаги алоқалар мустаҳкамланиб бормоқда», — деди у.
Ўзбекистоннинг Вашингтондаги элчиси Жавлон Ваҳобов Туркиядан кейин Туркий давлатлар ташкилотига раислик Ўзбекистонга ўтишини эслатди. Элчи ТДТ мамлакатлари ўртасида технология, савдо ва иқтисодиёт соҳаларидаги ҳамкорлик муҳимлигига эътибор қаратди.
ТДТ Бош котиби Бағдат Амреев ўз навбатида видеоконференция орқали тадбир иштирокчиларига мурожаат қилди ва Туркиянинг Вашингтондаги элчисига тадбирни ташкил этгани учун миннатдорчилик билдирди.