V Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинлари: рақамлар ва қизиқарли фактлар
ASTANA. Kazinform - 8-13 сентябрь кунлари Астана шаҳрида V Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинлари бўлиб ўтди.
Дунёнинг 90 га яқин давлатидан 2500 нафарга яқин спортчи қарийб бир ҳафта давомида кўчманчи халқларнинг она спорти тури бўйича беллашди ва 97 та медаллар жамланмасини синовдан ўтказди. Шу муносабат билан ҚР Туризм ва спорт вазирлиги Кўчманчилар Олимпиадасида қайд этилган қизиқарли маълумотларни тақдим этди.
Қозоғистон қанча медаль қўлга киритди?
Олти кун давом этган мусобақада Қозоғистон терма жамоаси спортчилари 43 та олтин, 32 та кумуш ва 37 та бронза (жами 112 та медаль) қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллади. Ўйинларда 33 мамлакат спортчилари медалларни қўлга киритдилар. Совринли давлатлар орасида океан нариги, Канада ва Мексика вакиллари ҳам бор.
Қозоқ курашида нечта спортчи қатнашган?
Турнир доирасида қозоқ кураши бўйича ўтказилган мусобақада дунёнинг 44 давлатидан 294 нафар полвон куч синашди. Бу бутун дунёда қозоқ кураши жадал ривожланиб бораётганининг ёрқин ифодасидир. Совриндор давлатлар қаторида қўшни давлатлардан ташқари европалик курашчилар ҳам бор. Хусусан, қозоқ кураши бўйича ўтказилган беллашувларда Италия, Польша, Венгрия, Голландия спортчилари совринли ўринларни қўлга киритди.
Жуда кўп мухлисларга эга спорт тури
V Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинларида энг кўп томошабин кўпкари ва кўк бўру мусобақаларига ташриф буюрди. “Қазанат” ипподромида ўтказилган ҳар икки мусобақанинг финал беллашувини 20 минг мухлис (ҳар бир финалга 10 минг томошабин келди) томоша қилди.
Энг кўп спортчи олиб келган мамлакатлар
Қозоғистон термаси спортчиларини ҳисобга олмаганда, Қирғизистон терма жамоаси бу йилги ўйинларга энг кўп – 172 нафар спортчини қўшган.
Ўйинларда қатнашган энг ёш спортчи - Ҳамза Амангелди. “Алламан” мусобақасида қатнашган Ҳамза 10 ёшда.
Энг кекса спортчи испаниялик 80 ёшли Соледад Хименес Карриондир. У камондан отиш бўйича анъанавий мусобақада иштирок этди.
Ўйинларга қанча кўнгиллилар сафарбар этилди?
1600 нафар кўнгилли спортчиларга ва делегация вакилларига ёрдам берди. Улар орасида 20 нафар хорижлик кўнгиллилар ҳам бор.
V Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинларида нечта от қатнашган?
Кўчманчилар ўйинларида кўплаб спорт турлари отлар ёрдамида ўйналгани учун бу йилги мусобақада жами 499 бош от иштирок этди. Улар орасида терма жамоанинг 100 та оти, Ўйинларни ташкил этиш дирекцияси бошқа давлатлардан отсиз келган иштирокчилар учун 300 та отни ижарага олди. Шунингдек, Қирғизистон Республикаси – 91 та, Ўзбекистон – 8 бош от.
Бундан ташқари, мусобақаларда 41 та қуш иштирок этди. Улардан 9 нафари терма жамоага, 8 нафари Қирғизистон Республикасига тегишли. 24 та қуш бошқа мамлакатлар учун “Құсбегілік” федерацияси томонидан таклиф этилган.