Ўзбекистонлик спортчилар IX қишки Осиё ўйинларида қатнашади

TASHKENT. Kazinform - Жорий йилнинг 7-14 февраль кунлари Хитойнинг Ҳарбин шаҳрида IX қишки Осиё ўйинлари бўлиб ўтади, деб хабар беради Kazinform агентлиги UzAга таяниб.

Ўзбекистонлик спортчилар IX қишки Осиё ўйинларида қатнашади
Фото: harbin2025.com

Маълум қилинишича, мазкур мусобақада Ўзбекистон спорт делегацияси илк бор қишки Осиё ўйинлари тарихидаги энг катта таркиб билан иштирок этиши режалаштирилган.

Қитъанинг 34 та давлатидан 1 минг 300 нафарга яқин спортчи иштирок этадиган қишки Осиё ўйинларида Ўзбекистоннинг 24 нафар атлети 6 та спорт турида мамлакат шарафини ҳимоя қилади.

Қайд этилганидек, яна тўрт кундан сўнг расман очилиш маросими бўлиб ўтадиган Осиё ўйинларида Ўзбекистон шарафини қуйидаги спортчилар ҳимоя қилади:

Шорт-трек: Даниил Ейбог ва Денис Айрапетянц;

Конькида югуриш: Данила Семериков;

Тоғ чанғиси: Медет Назаров, Арман Гаюпов, Никита Горковский, Сабина Режепова, Валерия Ковалёва, Ксения Григорьева, Мария Морозова;

Чанғи альпинизми: Моҳинур Аралова, Феруза Бобоқулова, Эъзоза Шаймарданова, Асила Шойимова, Жасур Шамсиддинов, Мақсудхон Акобиров, Шоҳрух Сардоров, Эъзозбек Хушвақтов.

Фигурали учиш: Екатерина Гейниш, Дмитрий Чигирев, Нигинабону Жамолиддинова, Севинч Раҳимова;

Биатлон: Ролан Раимқулов, Дилмурод Абдураҳмонов.

Қайд этилишича, Ўзбекистон спортчилари учун "Ҳарбин-2025" ўйинлари 2026 йилги қишки Олимпиада ўйинларига тайёргарликнинг муҳим босқичи саналади.

Айнан мазкур ўйинлар орқали 2026 йил Милан ва Кортина-д’Ампеццо шаҳарларида (Италия) бўлиб ўтадиган XXV қишки Олимпия ва XIV Паралимпия ўйинларида Ўзбекистон атлетлари қайси спорт турлари бўйича йўлланмалар учун кураш олиб бориши ойдинлашади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ профессионал боксда ўзбекистонлик Лазизбек Муллажонов ғалабага эришгани ҳақида хабар берган эдик.

Сўнгги хабарлар