Ўзбекистонда янги йилдан эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномалари ҳақиқий эмас деб ҳисобланади
Ўзбекистонда эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномаларини янгисига алмаштиришнинг сўнгги босқичи 2023 йил 31 декабрда якунланади.
ЙҲХХ маълумотига кўра, 2024 йил 1 январдан бошлаб эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномалари ҳақиқий эмас деб ҳисобланади. Гувоҳномани янгилашга улгурмаганлар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 13-моддаси билан базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари - 340 минг сўм жаримага тортилади.
Гувоҳномани алмаштириш учун йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлимларига ва Адлия вазирлиги Давлат хизматлари марказларига (фақат ҳайдовчилик гувоҳномалари) мурожаат қилиш мумкин. Фуқаролар у ерга эски ҳайдовчилик гувоҳномаси, автомобиль «техпаспорти» ва паспорт билан бориши керак.
Ўзбекистонда 2017 йил октябрь ойида янги ҳайдовчилик гувоҳномалари ва «техпаспорт» жорий қилинган эди. Дастлаб, 2020 йил 31 декабрга қадар гувоҳнома ва «техпаспорт» алмаштиришни якунлаш режалаштирилганди.
2020 йил баҳорида муддат бир йилга, кейин 2021 йил ноябрда - 2022 йил охиригача, 2022 йил апрелда - 2023 йил охиригача узайтирилди.