Ўзбекистонда "метан заправка"лар фақат соат 06:00 дан 12:00 гача ишлайди

метан заправкалар
Фото: ЎзА

“Ҳудудгазтаъминот” АЖ матбуот хизмати хабарига кўра, бугундан АГТКШлар иш вақтига ўзгартиришлар киритилиб, соат 06:00 дан 12:00 гача этиб белгиланди, деб хабар беради Kazinform агентлиги ЎзАга таяниб.

Қайд этилишича, ушбу чоралар вақтинчалик бўлиб, ҳаво ҳарорати кескин пасайиб кетган вақтда қўлланилади. "Ўзгидромет" хабарига кўра, 14-15 декабрда Ўзбекистон ҳудудидан совуқ ҳаво массаси чекина бошлайди ва совуқ кучсизлашади.

Шунингдек, соҳа вакилларининг таъкидлашича, табиий газни узлуксиз етказиб бериш учун тўловни ўз вақтида амалга ошириш зарур. Тўловларни туман газ таъминоти бўлимлари ва банк филиалларида, шунингдек, барча тўлов тизимларининг мобиль иловалари орқали 24/7 режимида амалга ошириш мумкин.

Маълумот ўрнида айтиб ўтиш лозимки, жорий йил 7 – 16 декабрь кунлари оралиғида аҳолини табиий газ билан узлуксиз таъминлаш мақсадида "метан заправка"ларнинг иш вақти соат 6:00 дан 15:00 га қадар қилиб белгиланган эди.

Сўнгги хабарлар