Ўзбекистонда фуқароларни Мексика орқали АҚШга юбормоқчи бўлганлар ушланди
Ўзбекистоннинг бирқатор ҳудудларида Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ноқонуний миграцияга қарши кураш йўналишида ички ишлар идоралари билан ҳамкорликда тезкор тадбирлар ўтказилди, деб хабар беради Kazinform Ўзбекистон ДХХ матбуот хизматига таяниб.

Жумладан, ДХХ Самарқанд вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, Самарқанд шаҳрида яшовчи, 1979 й.т. шахс маҳаллий фуқаронинг ишончига кириб, уни Мексика давлати орқали Америка Қўшма Штатларига юборишни ваъда қилиб, 25 минг АҚШ доллари талаб қилади. Мазкур шахс ҳужжатларни расмийлаштириб бериш эвазига олдиндан 15 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланди.
Шунингдек, Пастдарғом туманида яшовчи, 1991 й.т. шахс Каттақўрғон туманида истиқомат қилувчи, 1996 й.т. таниши билан келишган ҳолда, маҳаллий фуқаронинг ишончига кириб, уни Туркия-Арманистон-Никарагуа-Мексика йўналиши орқали Қўшма Штатларга юборишни ваъда қилиб, эвазига 23 минг АҚШ доллари талаб қилади. Аммо, улар олдиндан 12 минг АҚШ доллари олган вақтларида ушланди.
ДХХ Фарғона вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан вилоят ИИБ билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда, Андижон туманида яшовчи, 1999 й.т. шахс Қўқон шаҳрида истиқомат қилувчи фуқарони Америкага юборишни ваъда қилиб, эвазига 10 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланди.
Маълум қилинишича, ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.