Ўзбекистонда аҳолини рўйхатга олишнинг дастлабки натижалари эълон қилинди
TASHKENT. Kazinform — Ўзбекистон Миллий статистика қўмитаси 37 йилдан сўнг ўтказилган аҳолини рўйхатга олишнинг дастлабки натижаларини эълон қилди, деб хабар берди Kazinform агентлигининг Тошкентдаги мухбири.
Қўмита маълумотига кўра, айни пайтда мамлакат аҳолиси 39 047 321 нафарни ташкил этмоқда. Бу 1989 йилда ўтказилган охирги аҳоли рўйхатидан қарийб икки баробар кўпдир.
Аҳолини рўйхатга олиш Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг фармонига мувофиқ ўтказилди ва мамлакатнинг демографик ҳамда ижтимоий-иқтисодий маълумотлар базасини шакллантиришга қаратилди.
Қўмита маълумотига кўра, мамлакат аҳолисининг 89,4 фоизини ўзбеклар, 3,3 фоизини тожиклар, 2,2 фоизини қорақалпоқлар, 1,8 фоизини қозоқлар, 1,6 фоизини руслар, 0,6 фоизини қирғизлар ва 0,5 фоизини туркманлар ташкил этади. Шунингдек, аҳолининг 91,3 фоизи она тили сифатида ўзбек тилини кўрсатган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда аҳолини рўйхатга олиш 1989 йилдан бери ўтказилмаган эди. Пандемия сабабли у аввал 2022 йилдан 2023 йил ноябрига кўчирилган, кейин эса 2026-2027 йилларга қолдирилган.
Аввал хабар қилинганидек, аҳолини рўйхатга олишнинг биринчи босқичи 15-31 январь кунлари ўтказилди. Иккинчи босқич эса жорий йилнинг 4-28 февраль кунлари бўлиб ўтди. Рўйхатга олиш икки усулда амалга оширилди: биринчи усул — маълумотларни онлайн тарзда йиғиш, иккинчиси эса уйма-уй юриб аҳоли ҳақидаги маълумотларни тўплаш.