Ўзбекистон ва Озарбайжон Каспий денгизида қўшма флот яратишни режалаштирмоқда
TASHKENT. Kazinform — Ўзбекистон Каспий денгизида Озарбайжон билан қўшма флот яратишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Report агентлигига берган интервюсида Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазирининг ўринбосари Хуррам Тешабаев маълум қилди, деб хабар беради Kazinformнинг Тошкентдаги мухбири.
Унинг таъкидлашича, Боку халқаро денгиз порти бугунги кунда Ўрта йўлак орқали ўзбек маҳсулотларини бошқа бозорларга экспорт қилиш учун муҳим марказ ҳисобланади.
“Биз ўзбекистонлик экспортчилар томонидан ушбу порт инфратузилмасидан самарали фойдаланилишини юқори баҳолаймиз. Сўнгги йилларда ушбу йўналиш бўйлаб юк ташиш ҳажми барқарор равишда ўсиб бормоқда, экспорт қилинадиган маҳсулотлар тури кенгайди ва икки мамлакат транспорт ва логистика операторлари ўртасидаги ҳамкорлик мустаҳкамланмоқда”, — деди вазир ўринбосари.
Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон Озарбайжон билан биргаликда Ўрта йўлакнинг рақобатбардошлигини ошириш устида иш олиб боряпти. Хусусан, ўзбекистонлик экспортчиларга ёрдам кўрсатиляпти. Бунга товарларни юклаш ва тушириш пайтида чегирмалар бериш ва логистика тартибларини оптималлаштириш чоралари киради.
“Бундан ташқари, транспорт инфратузилмаси ва денгиз логистикасини ривожлантириш бўйича лойиҳалар амалга ошириляпти. Улар орасида Каспий денгизида қўшма флот яратиш ташаббуси, шунингдек, " Uztemiryo’lkargo" АЖ ва "Озарбайжон Каспий денгиз транспорти" ёпиқ акциядорлик жамияти ўртасида қўшма корхона ташкил этиш мақсади бор. Ушбу лойиҳалар юк ташиш самарадорлигини оширади, йўлакларнинг барқарорлигини таъминлайди ва харажатларни сезиларли даражада камайтиради”, — деди Хуррам Тешабаев.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Грузияда Анаклиа денгиз портини қуриш лойиҳасида иштирок этиш имкониятларини ўрганаётгани ҳақида ёзган эдик.
Аввалроқ, "Хитой - Қозоғистон - Ўзбекистон - Афғонистон" йўналиши бўйича контейнер юк ташиш йўлга қўйилгани ҳақида хабар берган эдик.