Ўзбекистон ҳукумати зарар кўраётган корхоналарни қўллаб-қувватлаш учун 50 миллион доллар ажратди

TASHKENT. Kazinform — Ўзбекистон ҳукумати зарар кўраётган қурилиш материаллари компанияларини қўллаб-қувватлаш учун 50 миллион доллар ажратади. Бу ҳақда мамлакат президенти Шавкат Мирзиёев раислигида бўлиб ўтган йиғилишда маълум қилинди, деб хабар беради Kazinformнинг Тошкентдаги мухбири.

в
Фото: gazeta.uz

Кенгашда йирик лойиҳаларга сармоя киритаётган инвесторлар импорт қилинган қурилиш материалларини ҚҚСдан озод қилиш ташаббусини кўтариб чиқдилар. Шу билан бирга, бундай лойиҳалар учун ўз маҳсулотларини таклиф қилмоқчи бўлган кўплаб маҳаллий корхоналар мавжуд. Улар агар ҚҚСдан озод қилиш маҳаллий товарларга ҳам қўлланилса, муносиб рақобатни намойиш этишга тайёр эканликларини билдирдилар.

Шу муносабат билан, Ўзбекистон раҳбари ваколатли органларга қўллаб-қувватлаш чораларини ўз ичига олган қарор лойиҳасини ишлаб чиқишни топширди.

Бундан ташқари, Шавкат Мирзиёев ҳозирда қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи 457 та корхонанинг қарзлари 3,5 триллион сўмга (тахминан 290 миллион доллар) етганини таъкидлади. Ушбу компаниялар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар қиммат ва шунга мос равишда улар истеъмолчиларни топа олмаяпти.

Шу муносабат билан масъул бўлимлар раҳбарларига 457 та корхонанинг ҳар бирига ташриф буюриш ва уларни қўллаб-қувватлаш дастурини ишлаб чиқиш вазифаси юклатилди. Компанияларни молиявий соғломлаштириш учун 50 миллион доллар ажратилади. Бу маблағ ишлаб чиқариш қувватини ошириш ва бозорларда юқори талабга эга маҳсулотлар ишлаб чиқариш орқали харажатларни камайтиришга сарфланади.