Ўзбек алифбосидаги Gʻ, Oʻ, Sh, Ch ҳарфларининг қўлланилиши ўзгаради

TASHKENT. Kazinform — Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбоси ва имло қоидалари янада такомиллаштирилмоқда. Эндиликда Gʻ ҳарфи Ğ шаклида, Oʻ ҳарфи Ö шаклида, Sh ҳарфи Ş шаклида, Ch ҳарфи Ç шаклида ифодаланиши кутилмоқда, деб хабар беради UzA.

Ўзбек алифбосидаги Gʻ, Oʻ, Sh, Ch ҳарфларининг қўлланилиши ўзгармоқда
Фото: UzA

Бу куни кеча Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилиниб, Сенатга юборилган “Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартириш киритиш ҳақида”ги қонунда ўз аксини топган.

Илмий таҳлиллар асосида маълум қилинишича, амалда Oʻ ва Gʻ ҳарфларини ёзиш учун компьютерда 5-6 та амални бажариш талаб этилади. Уларнинг ўндан ортиқ турли кўринишлари қўлланилаётгани эса ягона стандарт шаклланишига тўсқинлик қилмоқда.

Мазкур белгилар халқаро Юникод стандартида мустақил ҳарф сифатида мавжуд эмаслиги сабабли ахборот технологиялари, электрон қидирув тизимлари, автоматик таржима, электрон луғатлар ҳамда ўзбек тилини рақамлаштириш жараёнида жиддий техник муаммолар юзага келмоқда.

Шу муносабат билан лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбоси ва имло қоидалари соҳа мутахассислари томонидан олиб борилган илмий-тадқиқот ишлари асосида такомиллаштирилди. Қонун билан лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбоси 26 та ҳарф ва 3 та ҳарфлар бирикмаси ўрнига 28 та ҳарф ва 1 та тутуқ белгисидан ташкил топиши, шунингдек, айрим ҳарфларнинг қўлланилишига аниқлик киритилмоқда.

Таклиф этилаётган Ş, Ç, Ğ ва Ö ҳарфлари турк, озарбайжон, туркман, гагауз, қрим-татар, немис, швед, фин, венгер каби қатор тилларда муваффақиятли қўлланиб келинмоқда. Бугунги кунда ушбу ҳарфлардан қарийб 300 миллион аҳоли фойдаланади. Шу боис, улар ахборот технологиялари нуқтаи назаридан ҳам тўлиқ синовдан ўтган ва халқаро стандартларга мос ҳисобланади.

Эслатиб ўтамиз, турк дунёси умумий алифбо комиссияси 34 ҳарфдан иборат моделни таклиф қилди.