Украинадаги гуманитар вазият Европа Иттифоқи ички ишлар вазирлари томонидан муҳокама қилинди

Адлия ва ички ишлар кенгаши Европа Иттифоқига аъзо 27 давлат ички ишлар вазирларидан иборат.
«Вазиятни назорат қилиш, ҳамкорликни мувофиқлаштириш ва барчани жалб қилиш учун Европа Иттифоқининг сиёсий инқирозга ҳар томонлама жавоб беришини фаоллаштиришга қарор қилинди. Биринчи техник йиғилиш 28 феврал, душанба куни чақирилади», — дейилади Европа комиссияси баёнотида.
Вазирлар қуйидаги жиҳатларга эътибор қаратдилар: Украинага гуманитар ёрдам кўрсатиш, Европа Иттифоқининг ташқи чегараларини бошқариш, қочқинларни қабул қилиш ва визалар бериш бўйича қўшма чора-тадбирлар.
Украинадаги вазият Европа Иттифоқидан бошпана изловчиларнинг кўпайишига олиб келди. Иттифоқнинг Украина билан чегарадош бир қанча аъзо давлатларида қочқинларни қабул қилиш таклиф қилинган. Европа Иттифоқи вазирлари бу масалада ёрдам сўраган аъзо давлатларни ЕИ билан келишилган ҳолда қўллаб-қувватлашга тайёр эканликларини билдирдилар.
«Биз уларни мигрант деб айта олмаймиз, улар урушдан қочган қочқинлар. Ушбу фожианинг гуманитар жиҳатлари бизни жуда ташвишга солмоқда ва биз мезбон давлатларни қўллаб-қувватлаш учун тезкорлик билан ҳаракат қилишимиз керак. Биз Европа Иттифоқининг фуқаролик мудофааси механизмини ишга туширдик ва 18 аъзо давлат Украинага муҳим гуманитар ускуналар жўнатмоқда. Украинани тарк этаётганлар сони ортиб бормоқда», деди у.
Муаллиф: Арнур Раҳимбеков