Туркияда Ўзбекистон маданияти кунлари ўтказилади

Вазирлик матбуот хизматининг хабар қилишича, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков Анқара шаҳрига ташрифи доирасида Туркия Республикаси ташқи ишлар вазири М.Чавушоглу билан учрашган.
Учрашувда жорий йилнинг 19-20 февраль кунлари юқори даражада бўлиб ўтган «Ўзбекистон – Туркия» стратегик ҳамкорлик Кенгашининг биринчи йиғилиши мамлакатлараро ҳамкорликнинг ривожланишида бошланган янги босқични ифода этганлиги ҳам таъкидланди. Иккала давлатнинг умумий манфаатлари ва ташаббусларини илгари суриш мақсадида яқин вақтларда Стратегик режалаштириш гуруҳининг 2-чи йиғилишини ва икки мамлакат ташқи сиёсий идоралари ўртасида сиёсий маслаҳатлашувларнинг навбатдаги раундини ўтказиш имконияти кўриб чиқилди.
Хабар қилинишича, шунингдек, маданий-гуманитар соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилган.
«Туркия кенг жамоатчилигини Ўзбекистоннинг бой тарихий ва маданий мероси билан таништириш мақсадида Анқара ва Истанбул шаҳарларида Ўзбекистон маданияти кунларини ўтказиш режалари муҳокама қилинди», - дейилади хабарда.