Туркия атом энергияси ишлаб чиқарувчилар лигасига қўшилди - Эрдоған

Туркия раҳбарининг сўзларига кўра, мамлакатга ҳаво ва денгиз транспорти орқали етказилган ядро ёқилғиси мамлакатдаги илк АЭС – Аккуюни атом энергетикаси иншоотига киритиш имконини берди.
Туркия раҳбари бугунги кунда дунёда 422 та атом электр станцияси ишлаётганини, яна 57 таси қурилаётганини таъкидлади. Эрдоған, 60 йиллик кечикишга қарамай, Туркия ҳамон ядровий энергия ишлаб чиқарувчилар лигасига кирганини таъкидлади.
«Бугунги кунда Европа Иттифоқи мамлакатлари томонидан истеъмол қилинадиган электр энергиясининг 25 фоизи атом электр станцияларида ишлаб чиқарилади. Европа Комиссияси ядро энергиясини «яшил энергия» манбаи сифатида тан олиш орқали шубҳаларни бартараф этди. Биз Аккую атом электр станциясини ушбу жараённинг бир қисмига айлантирдик», - деди Эрдоған.
Сиёсатчи АЭС Туркия ва Россия Федерацияси ўртасидаги энг йирик қўшма сармоя лойиҳаси бўлиб, унга 20 миллиард доллар сармоя киритилганини таъкидлади. Президент Туркидаги биринчи АЭСнинг қурилиши доирасида Россияда Туркиядан 300 дан ортиқ мутахассис малака оширганини эслатди.
«Аккую атом электр станциясининг барча энергоблоклари 2028 йилгача ишга туширилади ва бу мамлакат электр энергиясига бўлган эҳтиёжнинг 10 фоизини қоплайди. Ўрнатилган қувватга эришгандан сўнг, Ақкую атом электр станцияси йилига 35 миллиард кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқаради. 6 февралдаги вайронкор зилзилалардан Ақкую атом электр станцияси зарар кўрмагани қурувчиларнинг профессионаллигидан далолат беради», — дея давом этди Туркия президенти.
Сиёсатчининг айтишича, Аккую атом электр станцияси туфайли Туркиянинг газ импорти харажатлари йилига 1,5 миллиард долларга камаяди. Бу лойиҳа Туркия иқтисодиётининг ўсишига ижобий таъсир кўрсатади, деди Президент.
Президент Эрдоған, Аккую атом электр станцияси тажрибасидан келиб чиқиб, яқинда Туркиянинг турли минтақаларида 2 ва 3-АЭС лойиҳаларини муҳокама қилишни бошлаш режалаштирилаётганини айтди.