Туркий давлатлар соғлиқни сақлаш вазирлари Самарқандда учрашди

Унда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов, Қозоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири Ажар Ғиният, Озарбайжон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири Теймур Мусаев, Туркия Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири Фаҳреттин Кожа, Қирғиз Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Тилек Мамадалиев, шунингдек, Татаристон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири Марсель Миннуллин иштирок этди.
Тадбирларнинг тантанали очилиш маросимида Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов, Туркий давлатлар ташкилоти Бош котиби Кубаничбек Омуралиев сўзга чиқиб, иштирокчиларни қутлади.
Бугунги кунда Туркий давлатлар ташкилотининг халқаро нуфузи ошиб, унга аъзо ва кузатувчи давлатлар ўртасида турли соҳаларга оид кўп томонлама ҳамкорлик алоқалари мустаҳкамланиб бораётгани таъкидланди.
Тиббиёт соҳасидаги ҳамкорлик ташкилотга аъзо давлатлар аҳолисига юқори сифатли, замонавий тиббий хизмат кўрсатишда муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда. Бу йўналишда давлатларнинг бир-бирини қўллаб-қувватлаш, кўмаклашишга асосланган ҳамкорлиги натижасида тиббий хизмат кўрсатиш даражаси юксалмоқда.
Конгрессда соғлиқни сақлаш вазирлари сўзга чиқиб, Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар билан ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари, ўз мамлакатларида тиббиёт соҳасида эришилаётган натижалар ҳақидаги фикрларини билдирди. Янги ташаббус ва ғоялар ўртага ташланди.
Халқаро тадбир доирасида тиббиёт кўргазмаси ташкил этилди.