Туркистонда икки кун ичида миграция қонунларини бузган 118 нафар чет эл фуқароси депортация қилинди
TÜRKISTAN. Кazinform — Туркистон вилоятида ўтказилган рейд давомида миграция қонунларини бузишнинг 300 дан ортиқ ҳолати қайд этилди.
Туркистон вилоятида миграция соҳасидаги қонунбузарликларнинг олдини олиш ва аниқлаш бўйича рейд-профилактика тадбири ўтказилмоқда.
Вилоят полиция департаменти маълумотларига кўра, икки кун ичида ҳудудда миграция қонунларини бузишнинг 344 та ҳолати аниқланган.
— Улардан 242 таси чет эл фуқароларига тегишли. Ушбу шахсларга нисбатан маъмурий баённомалар тузилди ва материаллар судга юборилди. Суд қарори билан 118 нафар қоидабузар мамлакатдан чиқариб юборилди, — дейилади расмий хабарда.
Шунингдек, хорижий фуқароларнинг Қозоғистонда бўлиш тартибини таъминламаган 71 та қабул қилувчи томон жавобгарликка тортилди. Бундан ташқари, ноқонуний равишда хорижий ишчи кучини жалб қилган 31 нафар Қозоғистон фуқаросига нисбатан тегишли чоралар кўрилди.
— Масалан, Келес туманида миграция хизмати инспекторлари ва маҳаллий полиция ходимлари томонидан қўшма текширув давомида рухсатномасиз қурилиш ишларини олиб бораётган 17 нафар хорижий фуқародан иборат ишчи гуруҳ аниқланди. Ҳозирда ушбу факт бўйича материаллар тўпланиб, судга юборилди. Уларни ёллаган қабул қилувчи томон ҳам аниқланмоқда, — дейилади департамент хабарида.
Тадбир давомида полиция ходимлари хорижий фуқаролар ва иш берувчилар ўртасида миграция қонунчилигига риоя қилиш зарурлиги бўйича тушунтириш ишларини ҳам олиб боришди.
Эслатиб ўтамиз, Алматида 40 нафар Ўзбекистон фуқароси мамлакатдан депортация қилинди.