Тошкентда XIX аср қозоқ ва ўзбек мутафаккирларининг мероси муҳокама қилинди

TASHKENT. Kazinform - Ўзбекистон пойтахтида «XIX аср ўзбек ва қозоқ мутафаккирлари дунёқарашида умумий тарихий-маданий меросни мустаҳкамлаш ва ривожлантириш» мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда Kazinform мухбири.
None

Тадбирда икки мамлакатнинг етакчи таҳлилий ва илмий-тадқиқот муассасалари вакиллари ушбу давр ижтимоий-фалсафий фикрнинг кўзга кўринган намояндаларининг кўп қиррали маърифий ва ислоҳотчилик фаолиятини муҳокама қилдилар. Аҳмад Дониш, Абай Қўнонбоев, Чўқон Валихонов, Саттархон Абдулғаффоров, Муқимий, Фурқат ва бошқа кўплаб ижодкорлар Ўрта Осиёнинг ғоявий ва ижтимоий-сиёсий ҳаётида ниҳоятда муҳим ўрин тутгани қайд этилади.

Марказий Осиё халқаро институти директори Анвар Насиров ушбу тадбир бутун Ўзбекистонда кенг нишонланаётган қозоқ халқининг атоқли фарзанди, шоир, мутафаккир ва инсонпарвар Абай Қўнонбоев мероси кунларида бўлиб ўтаётганини таъкидлади.

«Шу кунларда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари иштирокида кўплаб жамоаларда ижодий кечалар ўтказилмоқда, олий ўқув юртларида шоир ижоди ҳақида маърузалар тингланмоқда. Ўзбекистон Миллий академик драма театрида «Абай» спектаклини намойиш этиш режалаштирилган. Тошкент, Навоий, Жиззах, Сирдарё вилоятларида буюк мутафаккирга бағишланган маданий-ижодий кечалар ташкил этилди. Бу тадбирларнинг барчаси бир мақсад – Абай Қўнонбоевнинг маънавий мероси билан яқиндан танишиш орқали Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги маданий-гуманитар алоқаларни янада мустаҳкамлашдан иборат»

, — деди Анвар Насиров.

Қозоғистон элчиси Бейбит Атамқулов мамлакатнинг барча ҳудудларида Абай ҳафталиги ташкил этилгани учун Ўзбекистон Республикаси Президентига алоҳида миннатдорлик билдирди.

«Абай ижоди нафақат умумий тарихимиз, балки бугунимиз ва келажагимиздир. Абай бутун туркий халқларнинг мероси ва Марказий Осиёдаги барча давлатларнинг мулкидир. Абай олижаноблик, бахт-саодат ва инсонпарварлик масалаларини кўтарди, улар ҳозир ҳам долзарб бўлиб қолмоқда»

, — деди қозоғистонлик дипломат.

Қозоғистон ва Ўзбекистон томонидан олиб борилаётган минтақавий сиёсат бугунги кунда бутун Марказий Осиё тараққиётининг локомотиви бўлиб хизмат қилаётганини таъкидлади. Икки мамлакатнинг замонавий ўзгаришлари маданият, мерос ва тарих муштараклигини намойиш этади.

«Ўзбек ва қозоқ халқларининг илдизлари муштарак. Президентларимиз умумий масалаларни биргаликда ҳал қилишади. Бизни ягона маданият, тарих, ер ва сув бирлаштиради. Деҳқонларимиз бир дарёнинг сувидан фойдаланади»

, – дея хулоса қилди Бейбит Атамқулов.

Мазкур тадбирнинг ўтказилиши икки давлат илмий ҳамжамияти вакиллари ва экспертлари ўртасида очиқ ва конструктив фикр алмашиш учун замин яратади.

Муаллиф: Мадибек Жанибеков

Сўнгги хабарлар