Тошкентда Олимпия шаҳарчаси қурилиши бошланди
2021 йили Тошкентда оғир атлетика бўйича, бу йил дзюдо бўйича жаҳон чемпионатлари юқори савияда ташкил этилди. Келгуси йилда Ўзбекистон бокс бўйича жаҳон чемпионати ҳамда қитъа миқёсидаги кўплаб турнирларга мезбонлик қилади.
Кутилаётган анжуманлардан энг нуфузлиси Ёшлар ўртасидаги Осиё ва Параосиё ўйинларидир. Бу мусобақалар 2025 йилда Тошкентда ўтказилади. Унда қитъамиздаги 45 мамлакат ёшлари 20 га яқин спорт тури бўйича беллашади.
Айтиш жоизки, бундай нуфузли халқаро мусобақа Ўзбекистон тарихида биринчи марта ташкил этилади. Уни юқори савияда ўтказиш мақсадида замонавий Олимпия шаҳарчасини қуриш лойиҳаси ишлаб чиқилди. Давлат раҳбари бу лойиҳа билан бир неча бор танишиб, кўрсатмалар берган эди. Бу тавсиялар бош лойиҳачи – Хитойнинг «CAMC Engineering» компанияси билан такомилга етказилди.
Ушбу лойиҳанинг қиймати 289 миллион доллардан зиёд. Шаҳарча майдони 100 гектар. Бу ерда 10 минг ўринли енгил атлетика ва футбол стадиони, 6 та ёпиқ ва 7 та очиқ спорт иншоотлари, сув спорти саройи, велотрек, яккакураш, жамоавий спорт мажмуалари барпо этилади.
Фото: UzA