Тошкентда Алмати шаҳрининг туризм салоҳияти намойиш этилди

ТASHKENT. Кazinform - Ўзбекистон пойтахтида Алмати шаҳрининг сайёҳлик имкониятларини намойиш қилувчи роуд-шоу бўлиб ўтди, деб хабар беради Kazinfotm мухбири.
None

Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги Элчиси Бейбит Атамқулов ўзининг қутлов сўзида туризм икки мамлакат иқтисодий юксалиши ҳамда қозоқ ва ўзбек халқлари маданий бирлигининг муҳим таркибий қисмларидан бири эканлигини таъкидлади. Амалга оширилмаган улкан салоҳиятни ривожлантириш учун икки мамлакат туризм соҳаси вакиллари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни йўлга қўйиш зарур.

photo

«Бугунги кунда ушбу платформа Ўзбекистон компаниялари Қозоғистоннинг сайёҳлик салоҳияти ҳақида кўпроқ маълумот олишлари учун ташкил этилган. Алмати, айниқса, таълим, маданий, экологик туризм, муқаддас қадамжолар ва ишбилармонлик туризмини яхши кўрадиган сайёҳларни ўзига жалб қилади. Масалан, кўпчилик ўзбекистонликларни «ҳафта охири туризми», жумладан, харид қилиш туризми, гастрономик туризм, тиббий туризм, тоғ туризми каби йўналишлар қизиқтирмоқда. Ишончим комилки, сиз мутахассислар сифатида у ёки бу туристик пакетни биргаликда қуриб, манфаатдор фуқароларга тақдим эта оласиз», — деди Бейбит Атамқулов.

photo

Алмати ҳокимлигининг туризмни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Еркебулан Абихан тадбир меҳмонларига мамлакатнинг молиявий-иқтисодий, маданий ва ёшлар маркази бўлган жанубий пойтахтнинг туристик ва сармоявий салоҳияти тақдимотини тақдим этди.

photo

«Биз ушбу тадбирни Тошкентда ўтказишга қарор қилдик, чунки Ўзбекистондан келган сайёҳларнинг қизиқиши тобора ортиб бормоқда. Биргина жорий йилнинг биринчи ярмида Алматига қарийб 120 минг хорижий сайёҳ ташриф буюрган бўлса, шундан 18 минг нафари ўзбекистонлик меҳмонлардир. Бугун Ўзбекистон пойтахтида туризм соҳасидаги ҳамкасблар билан учрашув бўлиб ўтди. Биз ўзбекистонлик ҳамкасбларимизни гастрономик, экологик, тоғ фестиваллари, меҳмонхона форумлари ва бошқа маданий тадбирларда иштирок этиш учун Алмати шаҳрининг сайёҳлик салоҳияти билан яқиндан таништиришни режалаштирмоқдамиз, бу эса ўз навбатида сайёҳлар оқимини оширади», — деди Еркебулан Абихан журналистлар билан суҳбатда.

photo

Роуд-шоу доирасида Қозоғистон ва Ўзбекистон туризм сектори вакиллари В2В учрашувларида ҳамкорликни кенгайтиришнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашдилар ва қўшма сайёҳлик маҳсулотларини ишлаб чиқиш ва илгари суриш бўйича ўзаро ҳамкорлик механизмларини муҳокама қилдилар.

photo

«Қозоғистон бизнинг энг яқин қўшнимиз бўлиб, у билан бизни тарихан умумий маданият боғлаб туради, бу бизга жуда тушунарли. Компаниямиз туризм саноати бозорида 15 йилдан ортиқ вақтдан бери фаолият юритиб келмоқда ва биз қозоғистонлик меҳмонлар, хусусан, Алмати шаҳридан келган меҳмонлар учун Ўзбекистон бўйлаб мунтазам равишда турлар ташкил қиламиз. Бугун тақдимот давомида биз Алматига тезроқ ташриф буюриш истагини уйғотадиган ажойиб жойларни кўрдик. Эндиликда гастрономик, экологик, тоғли, тарихий-маданий туризм доирасида ўзбеклар учун туристик турларни кенгайтиришни режалаштирмоқдамиз. Бугунги тадбир Ўзбекистон туроператорлари учун эшикларни очади ва биз қозоғистонлик ҳамкасбларимиз билан узоқ муддатли ва самарали ҳамкорликни йўлга қўйишдан умидвормиз», — деди Nasibtour сайёҳлик компанияси вакили Назима Юсуфбекова.

photo

Муаллиф: Мадибек Жанибеков


Сўнгги хабарлар