Тошкент шаҳрида 13-туман ташкил қилинмоқда
Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрининг чегараларини ўзгартириш ҳамда Янги Тошкент туманини ташкил этиш режалаштирилмоқда, деб хабар беради Kazinform агентлиги regulation.gov.uzга таяниб.
Қонунчилик палатасининг "Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ ва Ўрта Чирчиқ туманларининг, шунингдек Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрининг чегараларини ўзгартириш ҳамда Тошкент шаҳар таркибида Янги Тошкент туманини ташкил этиш тўғрисида"ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.
Қайд этилишича, Вазирлар Маҳкамасининг таклифи қабул қилиниб:
Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ ва Ўрта Чирчиқ туманларининг, шунингдек, Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрининг чегаралари ўзгартирилиши;
Тошкент вилояти ҳудудидан 19 729,41 гектар, шу жумладан, Юқори Чирчиқ туманидан 17 323,31 гектар (шундан 11 147,29 гектар қишлоқ хўжалиги ерлари), Ўрта Чирчиқ туманидан 2 406,1 гектар (шундан 1 758,41 гектар қишлоқ хўжалиги ерлари) ер майдонлари Тошкент шаҳри таркибига ўтказилиши;
Тошкент вилоятидан Тошкент шаҳри таркибига ўтказилган ер майдони, шунингдек, Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ туманидаги «Истиқбол», "Дархон", "Усмонобод", "Навоий", "Жалолтепа", "Ободон", "Гулистон", "Баҳор", "Хван Т.Г", "Яшнобод", "Уч чинор", "Нурафшон", "Миробод", "Файзиобод", "А.Яссавий", "Балиқчи", "Ёшлик", "Тинчлик", "Ийк-ота", "Бирлик" МФЙ ҳудудлари ҳамда "Истиқлол", "Гулобод", "Ўзбекистон", "Наврўз", "Қорасув", "Оқ овул", "Маърифат", "Жумабозор", "Нурли йўл", "Фаровон", "Янги ҳаёт", "Саховат", "Қизилсой" МФЙ ҳудудларининг бир қисми ва Ўрта Чирчиқ туманидаги "Шоликор", "Ўчоқли", "Бунёдкор", "Машъал" МФЙ ҳудудлари ҳамда "Мустақиллик", "Гулобод", "Янгитурмуш" МФЙ ҳудудларининг бир қисми ҳисобидан Тошкент шаҳри таркибида умумий ер майдони 19 729,41 гектардан иборат бўлган Янги Тошкент тумани ташкил этилиши мумкин.
Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ ва Ўрта Чирчиқ туманлари таркибидан ўтказилаётган ерлар уларнинг амалдаги ер фонди тоифалари ўзгартирилмаган ҳолда ўтказилади.
Чегараси ўзгартирилаётган Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ туманидаги сайлов округларидан, Ўрта Чирчиқ туманидаги сайлов округларидан сайланган халқ депутатлари Юқори Чирчиқ, Ўрта Чирчиқ туманлари кенгашлари депутатлари халқ депутатлари Янги Тошкент туман кенгаши депутатлари ҳисобланади.
Эслатиб ўтамиз, Тошкент шаҳрида олдин Бектемир, Учтепа, Юнусобод, Мирзо Улуғбек, Миробод, Шайҳонтоҳур, Олмазор, Сирғали, Яккасарой, Яшнаобод, Янгиҳаёт, Чилонзор каби 12 та туман бор эди.