Тошкент халқаро кинофестивалига Болливуд юлдузлари келади
Кинематография агентлигида Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси ҳамда Ҳиндистон ахборот ва коммуникация технологиялари вазирлиги вакиллари билан видеомулоқот бўлиб ўтди.
Мулоқот давомида томонлар Ҳиндистон делегациясининг сентябрь ойида ўтказилиши кутилаётган Тошкент халқаро кинофестивалидаги иштироки бўйича музокаралар олиб борилди. Унга кўра, кинофестивалга Болливуд киноюлдузларининг ташрифи ва ҳинд фильмларининг намойишини ташкил этиш масалалари муҳокама этилди. Шунингдек, «Кино 5 кунда» лойиҳаси учун ҳиндистонлик ёш киноижодкорларнинг иштирокини таъминлаш бўйича ҳам келишиб олинди.
Видеомулоқот сўнгида иштирокчилар жорий йил декабрь ойида Ҳиндистонда бўлиб ўтадиган халқаро кинофестиваль доирасида «Ўзбек кино кунлари»ни ташкил этиш ҳамда икки давлат ўртасида қўшма лойиҳалар яратиш масалаларини ҳам кўриб чиқишди.