Тошкент халқаро аэропорти соатига 2400 йўловчига хизмат кўрсатишни режалаштирмоқда
TASHKENT. Kazinform - Тошкент аэропортини реконструкция қилиш доирасида қурилиш-монтаж ишларининг навбатдаги босқичи амалга оширилмоқда. Хусусан, учиб келиш залини кенгайтириш ишлари бошланди, деб хабар беради Kazinform агентлиги UZBEKISTAN AIRPORTS матбуот хизматига таяниб.
Шу сабабли, залнинг чап томонидан йўловчиларнинг чиқиши тўхтатилади. Эндиликда учиб келганлар бинодан тўғрига қараб чиқишади. Қурилиш вақтида хавфсизликни таъминлаш учун вақтинчалик усти ёпиқ йўлак қурилади. Кутиб олувчилар зали одатдаги режимда ишлайди.
Лойиҳага кўра, бино фасадини олдинга суриш ҳисобига учиб келиш зали майдони 2500 кв.м га ошади. Ҳозирда мавжуд зал майдони 5300 кв.м. Ушбу босқич яна иккита багаж ленталарини ўрнатиш ва терминал ичида кутиб олувчилар учун кенг майдон яратишни ўз ичига олади.
Қайд этилишича, реконструкция ишларини 2025 йилнинг май ойида якунлаш режалаштирилган. Сўнгра қурилиш ишларининг якуний босқичи бошланади, унда учиб кетиш ва келиш залларини бирлаштириш назарда тутилган.
"Бу эса ўз навбатида соатига 2400 йўловчига хизмат кўрсатиш қувватига эга йирик ягона аэропорт мажмуасини яратиш имконини беради",- дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда аҳоли жон бошига даромад 3 минг долларга етиши кутилаётгани ҳақида хабар берган эдик.