Тоқаев ШҲТда Инвестиция жамғармасини яратиш имкониятини кўриб чиқишни таклиф қилди

None
Фото: news.cgtn.com
ASTANА. Кazinform – Президент Қасим-Жомарт Тоқаев Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатларнинг Инвестиция жамғармасини ташкил этиш имкониятини кўриб чиқишни таклиф қилди, дея хабар беради Каzinform Ақордага таяниб.

Бугун ШҲТга аъзо мамлакатлар Давлат раҳбарлари кенгашида иштирок этган Қ.Тоқаев савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтиришни таклиф қилди.

«Географик жиҳатдан давлатлар ўртасидаги боғлиқлик, транспорт-транзит салоҳияти, бозор кўлами ва иқтисодиётларнинг бир-бирини тўлдириши ШҲТнинг устувор йўналиши ҳисобланади. Шунга қарамай, 20 йилдан ортиқ вақт давомида ШҲТ доирасида битта йирик иқтисодий лойиҳани амалга оширишнинг имкони бўлмади. Лойиҳани молиявий қўллаб-қувватлаш механизмларининг йўқлиги яққол омил. Шу муносабат билан Ҳукумат раҳбарлари кенгашига қўшма Инвестиция жамғармасини ташкил этиш имкониятларини кўриб чиқиш ва ушбу муҳим лойиҳа бўйича тавсиялар беришни таклиф этаман. Жаҳон молия институтларининг илғор тажрибасини ўзлаштирган «Астана» халқаро молия маркази ШҲТ минтақавий лойиҳаларига тўғридан-тўғри ва портфелли инвестицияларни рағбатлантиришда самарали платформа бўлиши мумкин», – деди Давлат раҳбари.

Шунингдек, Қозоғистон Республикаси Президенти йирик стратегик портлар ва логистика марказларининг ҳамкорлик тармоғини яратишни таклиф қилди.

«Иқтисодий ҳамкорлик кўп жиҳатдан транспорт-транзит салоҳиятидан самарали фойдаланишга боғлиқ. Юкларни етказиб беришнинг анъанавий занжири узилиши муносабати билан замонавий транспорт инфратузилмасини яратиш ва рақобатбардош янги йўналишларни очишнинг стратегик аҳамияти ошди. «Бир белбоғ, бир йўл» мега лойиҳаси ва Транскаспий халқаро транспорт йўналишини амалга ошириш бўйича биргаликда саъй-ҳаракатларни амалга ошириш орқали биз «Шимол-Жануб» ва «Шарқ-Ғарб» йўлаклари имкониятларини очиш учун барча шарт-шароитларни яратамиз. Амалий чора сифатида йирик стратегик портлар ва логистика марказларининг ҳамкорлик тармоғини яратишни тавсия қиламиз. Ушбу механизмнинг ўзига хос услубини мамлакатларимиз ҳукуматлари кўриб чиқишлари мумкин. Бу масалага транспорт ва темир йўл бошқармалари раҳбарларини жалб қилиш зарур», — деди Қ.Тоқаев.


Сўнгги хабарлар