Тоқаев: Қозоғистон транзит йўналишларини диверсификация қилиш учун 20 млрд доллар ажратади

NUR-SULTAN. Kazinform - Қозоғистон Марказий Осиё ва Хитой ўртасидаги транспорт ва транзит йўналишларини диверсификация қилишдан манфаатдор. Бу ҳақда Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев «Марказий Осиё – ХХР» саммитида маълум қилди, дея хабар беради Kazinform мухбири.
None
None

«Транспорт ва транзит йўналишларини диверсификация қилиш интеграциялашган логистика ечимларини жорий этишни талаб қилади. Хусусан, янги континентал даҳлизларни ишга тушириш муҳим. Ўз навбатида, Қозоғистон 2025 йилгача ушбу мақсадлар учун 20 миллиард доллар маблағ ажратишни режалаштирмоқда. Бу Хитойдан транзит оқимлари каналини кенгайтиради ва минтақа давлатларининг ортиб бораётган эҳтиёжларини қондиради», - деди Президент.

Қозоғистон раҳбари халқаро институтлар ҳам бу борада катта салоҳиятга эга эканини эслатди.

«Умуман олганда, Жаҳон банки маълумотларига кўра, Марказий Осиёда транспорт коммуникацияларининг ривожланиши 5 та давлат ялпи ички маҳсулотини 15 фоизга ошириш имкониятига эга. Бу биз ишга туширишимиз керак бўлган улкан захирани англатади. Биз бу йўналишдаги ҳар қандай оқилона таклифни қўллаб-қувватлашга тайёрмиз», - деди Қасим-Жомарт Тоқаев.

Эслатиб ўтамиз, Президент Қасим-Жомарт Тоқаев иштирокида «Марказий Осиё – ХХР» саммити бўлиб ўтмоқда.

Саммитда ХХР раиси Си Цзинпин, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев, Қирғизистон президенти Садир Жаппаров, Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов ва Тожикистон президенти Имомали Раҳмон иштирок этмоқда.


Муаллиф: Есимжан Нақтибай


Сўнгги хабарлар