Тоқаев Конго Президентига: Сизнинг Астанага махсус ташрифингиз қозоқ элига ҳурмат белгисидир
ASTANА. Кazinform — Қозоғистон ва Конго ўртасидаги муносабатлар катта истиқболга эга. Бу ҳақда Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев мамлакатга давлат ташрифи билан келган Конго Демократик Республикаси Президенти Феликс Чисекеди билан Ақордада бўлиб ўтган кенгайтирилган музокаралар чоғида айтиб ўтди.

— Аввало, Қозоғистонга хуш келибсиз дейман. Таклифимни қабул қилганингиз учун Сизга чин дилдан миннатдорчилик билдираман. Бу сизнинг Қозоғистонга биринчи ташрифингиз. Буни тарихий лаҳза деб аташ мумкин. Узоқ йўлни босиб ўтиб, Астанага махсус ташрифингиз қозоқ элига бўлган ҳурмат белгисидир. Биз буни жуда қадрлаймиз. Дипломатик алоқалар ўрнатилганига кўп вақт бўлгани йўқ - 3 йил бўлди. Шунга қарамай, биз ўзаро ишонч ва дўстликка асосланган ҳамкорликни ривожлантирмоқдамиз. Бугунги музокаралар Астана ва Киншаса ўртасидаги алоқаларни янги босқичга кўтариб, самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш имконини беради, — деди Давлат раҳбари.
Президентнинг сўзларига кўра, Конго Демократик Республикаси Қозоғистоннинг Африкадаги муҳим ҳамкори ҳисобланади. Конго Африка қитъасининг марказида, Қозоғистон эса Марказий Осиёнинг марказида жойлашган.
— Шу боис мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар катта истиқболга эга, деб ҳисоблайман, — деди Қасим-Жомарт Тоқаев.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ақордада Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев Конго Демократик Республикаси Президентини кутиб олгани ҳақида хабар берган эдик.