ТДТ Қозоғистонга ўз иқтисодиётини ривожлантириш ва хомашё базаси бўлишдан халос бўлишига йўл очади – эксперт

Амир Башбаев
Фото: шахсий архивидан

3 ноябрь куни Астана шаҳрида Туркий давлатлар ташкилотининг (ТДТ) ўнинчи саммити бўлиб ўтади. Қозоғистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги Ташқи сиёсат тадқиқотлари институтининг Таҳлил ва прогнозлаш гуруҳи раҳбари Амир Башбаев Кazinform агентлиги экспертига ушбу ташкилот Қозоғистон учун қандай рол ўйнаши ҳақида гапириб берди.

- Амир Карбозули, 3 ноябрь куни Астанада ТДТнинг ўнинчи юбилей саммити бўлиб ўтади. Ташкил этилганига 14 йил бўлган ушбу ташкилот Марказий Осиё ва Қозоғистон учун қандай рол ўйнади?

- ТДТнинг Туркий Кенгашдан Туркий давлатлар ташкилотигача бўлган институционал шаклланиши (2021 йил 12 ноябрь куни Истанбулда бўлиб ўтган Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши саммитида Туркий Кенгаш номи Туркий давлатлар ташкилотига ўзгартирилди – таҳр.), сўнгра “Турк дунёсининг нигоҳи – 2040” каби стратегик ҳужжатлар ва уни амалга ошириш бўйича йўл хариталарининг қабул қилиниши – буларнинг барчаси Туркий давлатлар ташкилоти фаолиятини диверсификация қилишга кучли туртки берди.

Илгари бу фақат мулоқот форуми бўлиб, унда ташкилот вакиллари долзарб масалаларни муҳокама қилган. 14 йил давомида тўпланган синергия кучли туртки берди ва энди ташкилот босқичма-босқич ривожланмоқда. 10 йиллик юбилей саммити арафасида ТДТ савдо-иқтисодий интеграциядан манфаатдор давлатлар иттифоқига айланмоқда. Бугунги кунда ТДТга аъзо мамлакатларнинг ички савдо айланмаси 27 миллиард долларга етади. Бу - катта рақам. 2021 йилда бу кўрсаткич 21 миллиард доллар эди.

Дунёда халқаро муносабатлар ўзгариб бораётган бир пайтда савдо-иқтисодий соҳага алоҳида эътибор қаратиш лозим. Шу муносабат билан энергия омили муҳим рол ўйнайди. Бу борада мустаҳкам ҳамкорлик шакллантирилмоқда. Марказий Осиё давлатлари – Қозоғистон, Туркманистон, Озарбайжон йирик нефть ва газ захираларига эга, ташкилотнинг етакчи давлати бўлган Туркия эса Европа ва Яқин Шарқ минтақаси учун энергия марказига айланишни мақсад қилган. Шу боис ташкилот доирасидаги ҳамкорлик фаол.

Шунингдек, ушбу интеграция доирасида Транскаспий халқаро транспорт йўналиши ёки Ўрта коридор алоҳида аҳамиятга эга.

Бундан ташқари, Хитой Қирғизистон, Ўзбекистон ва Туркманистон орқали янги муқобил йўл қуришни режалаштирмоқда. Ҳозирча бу лойиҳа ҳолатида. Агар Марказий Осиё ва Жанубий Кавказда Нахчивон орқали Туркияга тўғридан-тўғри чиқиш имконини берадиган Зангезур йўлаги очилса, барча ТДТ иштирокчилари умумий транспорт йўлагидан фойдаланиш имкониятига эга бўладилар. Шу тариқа Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ, Жанубий Кавказ ва Туркия боғланади, у ердан тўғридан-тўғри Европага бориш мумкин бўлади. Буларнинг барчаси ТДТ мамлакатлари товар айланмасини бирнеча баравар оширишга замин яратади.

- Қозоғистон ТДТда қандай рол ўйнайди?

– Қозоғистон анъанавий тарзда ТДТ доирасида маданий-гуманитар ва таълим соҳасидаги ҳамкорликнинг барча жабҳаларида фаол рол ўйнайди. Таълим соҳасига келсак, бу ерда мамлакатимизнинг ўрни алоҳида – Туркий академиясида туркий давлатлар учун умумий алифбо яратиш ишлари давом этмоқда. Шу билан бирга, умумий тарих, география, адабиёт дарсликлари ишлаб чиқилмоқда. Бунинг шарофати билан келажак авлодларимиз “бир тилда” гаплаша олади. Бу туркий халқларнинг яқинлашувида муҳим омил бўлади.

Қозоғистоннинг ташкилотдаги ўрни ҳақидаги суҳбатни давом эттирадиган бўлсак, 2023 йил февралида Туркияда содир бўлган даҳшатли зилзила туркий давлатларнинг бирдамлигини амалда кўрсатган конструктив лаҳза бўлди. Қозоғистон турк халқига биринчилардан бўлиб гуманитар ёрдам жўнатган.

Бироқ, юқорида таъкидлаганимдек, ҳозир ҳамкорлик фақат маданий-гуманитар алоқаларга асосланмаган, савдо-иқтисодий интеграция жадал ривожланмоқда. Бунда Қозоғистоннинг ҳам ҳиссаси бор.

- Сизнингча, юбилей саммитида қандай масалалар муҳокама қилиниши мумкин?

– Аввало, юбилей саммити бўлгани учун эришилган натижалар сарҳисоби ишлаб чиқилиши, шунингдек, ташкилотни янада ривожлантириш чора-тадбирлари муҳокама қилиниши керак. Масалан, айни пайтда “Туркий дунё нигоҳи – 2040” дастури доирасида юк автомобилларини чекловсиз бошқариш масаласи кўриб чиқилмоқда.

Яқинда рўй берган фожиани (Туркиядаги даҳшатли зилзила – таҳр.) назарда тутяпман, бўлажак саммитда муҳокама қилинадиган ҳужжатлардан бири ТДТ таркибида фуқаро муҳофазаси механизмини яратишдир. Фавқулодда вазиятларда тезкор чоралар кўриш имконини берувчи меъёрий-ҳуқуқий базаларни қабул қилишни ҳам ўз ичига олади. Сўнгги йилларда, афсуски, иқлим ўзгариши туфайли бундай ҳодисалар сони ортиб бормоқда.

- Сизнингча, ташкилотнинг келажаги қандай бўлади?

– Имзоланган ҳужжатларга назар ташлайдиган бўлсак, 2040 йилга бориб ТДТ иқтисодий жиҳатдан кучли ва ривожланган ташкилотга айланиши керак. Бу муддатгача ТДТ фаолиятининг товар, хизматлар, капитал ва ишчи кучининг эркин ҳаракати каби 4 та асосий тамойилини амалга ошириш учун барча меъёрий-ҳуқуқий базалар тайёрланиши лозим. Бу, биринчи навбатда, аъзо мамлакатлар иқтисодиётини юксалтириш имконини беради. Иккинчидан, технологик муносабатлар оламида хомашё базаси бўлиб қолмасликка йўл очади.

Яна бир масалага тўхталиб ўтмоқчиман. Ҳозирда Венгрия ТДТда кузатувчи давлат мақомига эга. Бу давлатнинг бугунги раҳбарияти “биз туркий дунёнинг ажралмас бир қисмимиз” ва Венгрия давлатини Туркий давлатлар ташкилоти учун “Европага ойна” сифатида қараш мумкин, деган позицияни билдирмоқда. Евроиттифоқ аъзосининг ТДТ кузатувчиси бўлиши яхши омил ҳисобланади. Марказий Осиё давлатлари, Озарбайжон ва Туркия билан ҳамкорликда кузатувчи қилувчи мамлакат Венгрия ёрдами билан келажакдааъзо давлатларнинг иқтисодий, молиявий, транспорт ва сармоявий салоҳиятини бирлаштирадиган ТДТни минтақавий марказга айлантириш учун яхши синергияга йўл очмоқда.

- Мулоқот учун ташаккур!

Сўнгги хабарлар
telegram